ЎЗ УЙИНГИЗ БЕГИ БЎЛИНГ!

Ҳаёт шиддат билан давом қилаётган, дунё жадаллик билан глобаллашиб бораётган бир даврда миллатнинг, айниқса, келажак авлод вакиллари бўлмиш ёшларнинг маънавий-руҳий камолоти энг долзарб вазифаларимиздан бири десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда дунёда ҳукмронликни қўлга киритиш мақсадида доимий ва тинимсиз кураш жараёнлари кетаётган бир вақтда, ғаразли мақсадли тоифаларнинг инсон онггини эгаллашга бўлган ҳаракати энг хавфли тус олмоқда. Бунга мисол қилиб, “оммавий маданият”, дин ниқоби остидаги экстремизм, миссионерлик каби иллатларни санаб ўтишимиз мумкин.
Зеро, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам кўплаб маърузалари давомида бу муаммога жуда катта эътибор қаратиб, “Ёшларимиз тарбияси, динимизни соф сақлаш келажагимизни белгилайди” дея, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама камол топтириш, уларни муқаддас динимизга ёт бўлган, турли бузғунчи ғоя ва мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилишимиз лозимлигини таъкидлаб, бу борада кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқдалар.
Бу борада юртбошимиз томонларидан илгари сурилган улкан ғоялардан бири ҳам “Ўзингни, ўз болангни ўзинг асра” шиори бўлиб, ҳақиқатдан ҳам фарзандлар тарбиясидаги биринчи масъулият ҳар бир фарзанднинг ота-она зиммасидадир. Муқаддас ислом динимизда ҳам ота-она фарзанди учун жавобгар эканлиги кўп бора таъкидланган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар, Подшоҳ ўз фуқароларига,эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир”, дея марҳамт қилганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”, дейилган.
Бундан келиб чиқадики, ота-она фарзандининг моддий таъминоти билан, маънавий тарбияси учун ҳам масъул ҳисобланади. Маънавий тарбия ҳар қачон, моддий таъминотдан устун туриши барчамиз учун сир эмас. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда айрим ота-оналаримиз фарзандларининг бошқалардан кам бўлмаслигини, уларнинг ҳаёти тўкин-сочин бўлишини истаб, чет-элларда ишлар ушбу мақсадларига аксариятлари етмоқдалар. Лекин, энг асосий вазифа, яъни фарзандларнинг маънавий тарбияси издан чиқиб, фарзандларидан маънан ажраб қолмоқдалар. Тарбияси қаровсиз қолдирилган ёки издан чиққан кўплаб ёшлар эса, интернет тармоқларидаги инсон овчиларининг тайёр овига айланиб қолмоқдалар. Кимлари “омммавий маданият” таъсирига берилиб, ҳар хил фаҳш йўлларга кириб кетмоқда, кимлари дин ниқобидаги бузғунчи тоифаларнинг таъсирига берилиб, ўз юртига ҳиёнат қилишгача етиб бормоқда. Бу эса уларнинг келажак ҳаётлари учун жуда катта доғ бўлиб, кўпларининг қайтиб бўлмас йўлларга кириб кетишига, ҳаттоки охири ўлимга олиб борувчи хатти-ҳаракатларни қилишларига сабаб бўлмоқда.
Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандимизни маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун, бир сўз билан айтганда, кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади.
Шуни англамоғимиз керакки, юртимизда бўлаётган ривожланиш ва тараққиёт ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча таъминланиб қолмаётганини унутмаслигимиз лозим. Халқимиз доимо дуога қўл очар экан, биринчи навбатда юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака тилаб, яхши ният қиладилар. Чунки бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши ҳақидаги ҳикмат бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш бу озод ўлкада яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
Турли мамалакатларни мафкуравий забт этиш ғоят катта иқтисодий манфаатлар билан уйғунлашиб кетган. Яъни, жамиятни мафкурасизлантиришга, ғоясизлантиришга йўналтирилган ахборотлар бозорида маънавий-маданий, ғоявий-мафкуравий жиҳатдан савияси паст бўлган аудио ва видео кассеталар, аҳлоқсизликка олиб келадиган адабиёлар ва бошқа “санъат асарларининг” сотилиши ёки интернет тармоқлари орқали кенг тарқатилиши кимлар учундир жуда катта фойда манбаи бўлиб қолаётганлиги ҳаммага маълум. Шу билан бирга дин ниқоби остида турли хил ёлғон ва фитналар билан ёшларнинг онгини захарлаб уларни ўз юртларини ташлаб чиқишга, яъни “ҳижрат” қилишга чақириб, овига илинган тайёр ўлжалардан эса ўз мақсадларини амалга оширишда текин хизматкор сифатида фойдаланмоқда. Ёки бўлмаса, “жамиятдаги ҳар бир муаммонинг, ҳаётдаги ҳар бир ташвишнинг сабаби нотўғри динни танлагангизда” деб сафсата сотувчи миссионерларнинг ўз тарафторларини кўпайтириш билан жамият ва давлат учун энг хавфли нарса, яъни парчаланишни вужудга келтиришга ҳаракат қилаётганлари ҳам бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Жаҳон кенг – дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю-ягона! Мана шундай ҳиссиётларни қалбдан ўтказиб, барчамиз учун ягона бўлган Ватанимизни янада гуллатиб-яшнатиш, унинг ёруғ ва фаровон келажаги учун бутун борлиғимизни бағишлаб, керак бўлса, жонимизни фидо этишга ҳам тайёр бўлиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир! Бундай таҳликали замонда келажак авлодни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраб авайлаш доим долзарб ва бирламчи вазифа бўлиб қолаверади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбирлари билан айтганда ўз боламизни ўзимиз асрамоғимиз лозимлигини бугун ҳаётнинг ўзи яна бир бор кўрсатиб бермоқда.

М.Хабибуллаев
Гурлан туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *