САҚЛАНГАННИ АЛЛОХ САҚЛАЙДИ

Ҳамонки, суҳбатимиз инсон умри ҳақида, шу умрдан унумли фойдаланиш ва яратган тамонидан белгиланган меъзонлар асосида хаёт кечириш ҳақида экан, авваламбор шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши, Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак, — деган саволлар туғилиши табиийдир: Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг “Мулк” сурасида бундай марҳамат қилади:  “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”. Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўла оладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Зеро мавзумиз чегара доираси хақида сўз юритар эканмиз, Аллох таборака ва таоло бандасини хаёти давомида қилиши лозим ишларни азалдан билади, аммо инсонга бу дунёда ихтиёрий феъл ато қилган холда умргузаронлик қилишни ихтиёр қилади ва ўзини муқаддас Қуръони Карим ва пайғамбарлари томонидан бандаларини дунёда қандай яшашлари учун кўрсатмалар берган холда ҳар-бир қилган яхши амали учун мукофот ва қилган ёмон амаллари учун жазо муқаррарлиги хақида баён қилади. Бу ихтиёр эса фақат бу дунёда берилади. “Бандада мутлақо ихтиёр йўқ” дейиш ҳам хатодир. Ундай дейювчилар инсонни тасаввур қилиш ва нима учун яратилганини тўлиқ англаб етишда хатога йўл қўйган бўладилар. Бир киши Али розияллоҳу анҳудан банда барча нарсада ихтиёрлими ёки тақдирга мажбурми деганида, Али розияллоҳу анҳу унга: “Ўнг оёғингни кўтар” деди. У киши ўнг оёғини кўтарди. “Ўнгини туширмай, чап оёғингни ҳам кўтар!” деди. Кўтаролмади. Шунда: “Шунчалик ихтиёринг бор” дедилар.
Асфуски, баъзи бир инсонлар томонидан юритилаётган ноўрин фикрлар мавжуд бўлиб хусусан Аллох таоло ўзи гунох ишни мени тақдиримга ёзиб қўйган бўлса нима учун яна жазолайди ёки шунга ўхшаш фикрлар борки, инсон хаёти давомида баъзи қийинчиликларга сабр қилмасдан ўз жонига қасд қилса ва шуни хам Аллох таоло тақдирига ёзилган ажали бўлса яна нима учун дўззах ахлидан бўлади деб баён қилади ва хакозолар….бундай мисолларни кўпини келтиришимиз мумкин. Бу фикрлар бандани яратганга шак ва куфр келтиришга олиб келади. Ислом динимизда тақдир масалалари ёрқин тўлиқ кўрсатиб берилган инсон тақдири худдики кўзгуга қараган вактингизда инсон асл ўз қиёфасини кўради, бу қиёфани ўзгартириш яъни кўзни юмуши оғизни очиши, кулиши, йиғлаши каби амалларни ўз ихтиёри ила қилиб қиёфасини ўзгартиради.
Худди анашу асл қиёфа асл тақдирдир уни ўзгартириш бандасини ихтиёридадир. Масалан инсон ўзини умрини узайтириши мумкин. Ҳадисларда ота-онани дуоси фарзандини умрини узайтиради дейилган. Ёки аксинча дуоибад олса умри қисқаради ажалидан бурун вафот топади дейилганидир. Динимизда инсон ўз ихтиёри билан сақланиши лозим бўлган ишларни санасак саноғига етолмаймиз. Шунинг учун яратган томонидан белгиланган меъёрлар борки албатта бунда мукофот ва жазо муқаррардир. Аллох таоло сақланган бандасини сақлайди деган хикматли сўзимиз хам борки, инсон хаёти давомида касал бўлиши ёки офат балоларга гирифтор бўлиши асносида дарров хаётда яшаб қолиш тараддудини кўриши, даволаниши, сақланиши лозим ва лобутдир. Агарки даволанишни имконияти бўлиб туриб, даволанмаса ёки бало ва офатлардан сақланишни имконияти бўлиб туриб сақланмаса, Аллох таолодан офият сўраб дуо қилмаса ундай бандасини хеч қачон сақламайди ва шифо хам бермайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар. Уч киши борки, Аллох уларнинг дуосини қабул қилмайди 1. Хароба уйга кириб панохингда асрагин деб дуо қилиб ётган кишини 2. Йўл устига ётиб ўзинг асра деган кишини 3.Уловини кўйиб юбориб Аллохдан йўқолмаслигини сўраб дуо қилган кишини дейилган. Ха азизлар инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етиб, сақланишимиз лозим бўлган амалларни бажаришимиз шарт бўларкан. вақт эса ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди.
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деган эканлар. Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Пайғамбар (алайҳиссалом) суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб, дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси — умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси — ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси — мол-дунёни қай йўсинда (ҳалол йўл биланми, ҳаром йўл биланми) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси — ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади». (Баззор ва Табароний ривояти).
Қуръони каримда “Рум” сурасининг 54-оятида бундай дейилади: “Аллоҳ шундай зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди…”. Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик-йигитлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбли қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Хонқа туман бош имом-хатиби Х.Матяқубов

 

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *