ИСРОФ НЕЪМАТНИНГ ЗАВОЛИ

  Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:

яъни: Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.

Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир.

Имом Бухорий келтирган ривоятда хазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анху: «Сени икки хислат — фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар.

Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлинини ҳаётнинг асосий мезони деб билсалар, бошқа кишилар хусусан, бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо, керагидан ортиқ  емоқ  ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан деб, қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.

Ислом нуқтаи назарида, исрофгарчилик- ноҳақ ҳаром-ҳариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар инсон бору йўғини  ҳақ  йўлда сарф қилиб битирса ҳам, исрофга йўл қўйган ҳисобланмайди. Aммо ноҳақ ишга, ҳаром-ҳаришга арзимаган пул сарфласа ҳам исроф­гарчиликка йўл қўйган бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:

Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир.

Исрофчилар неъматнинг кадрига етмайди, унга шукр этмайди.  Aгaр шукр этса, ўшани исроф қилмасди, неъмат берувчи зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлганидан ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладд. Улар бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтон эса, ношукрликда донғи кетгандир. Албатга, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошига ҳам ўз биродарлари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гaп.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор.

Фахри коинот айтганларидек:

яъни: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар».

Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг ана шу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийиб-қантаришлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари  ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди.

Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва чекловлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш,

ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир кимсани қўллаб юборсак мақсадга мувофиқ бўлиб, неъматларнинг зиёда ва давомли бўлишига сабабчи бўламиз. Аксинча исрофга йўл қўядиган бўлсак неъматнинг заволига сабабчи бўламиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни  У зот ато этган неъматларни тежаб-тергаб ишлатадиган, бунда исрофга йўл қўймайдиган тежамкор бандаларидан қилсин.

 

 

 

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *