Никоҳ муқаддас риштадир

 Яратган зот бизга шундай меҳрибонки у бизни жуфт бўлиб никоҳ асосида яшашга буюргандир. Аллоҳ таъоло инсонга нима яхши бўлса шунга буюради.

Инсон дунёда бахтли ва саодатли яшаши учун Аллоҳнинг амри асосида яшамоғи лозим.

Оила никоҳ асосида қурилар экан, у эр ва хотин зиммасига бир неча вазифаларни юклайди. Чунки шу вазифалар орқали оиланинг мустаҳкамлиги ва бахти таминланади.

Аммо баъзи бир оилаларни кўрамиз ёки эшитамиз-ки арзимас сабаб ила ажралиш ёки хотинига “талоқ” қўйиш ҳолатлари учраб турибди.  Энг афсусланарлиси,  бу ҳолат кейинги вақтларда кўпайиб бормоқда.

Эр-хотин орасидаги муомала аввало, муҳаббат, севги, раҳм-шафқат асосида бўлиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам, баъзи тушунмовчилик туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: “Шўринг қурсин, Оила муҳаббат учун қурилмаганми? Риоя қани? Масъулият қани? деб қаттиқ танбеҳ берган эканлар.

Исломда никоҳ Аллоҳ таолонинг исми ва Пайғамбаримизнинг суннатлари ила қурилган муқаддас риштадир. Шундай экан, уни шунчаки ёки арзимас сабаб ила бузиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик  қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло аёл кишини ўзига хос табиат билан яратган. Аёл киши хотин бўлиши, она бўлиши ва бу заифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам, аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам ортиқ эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.

Шунинг учун юқорида келтирилган ҳадисда аёлларга доимо яхшилик қилинг дейилмоқда. Халқимизда ушбу маъно “аёл киши яхши сўзнинг гадоси” деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, балки, доимо яхши муносабатта бўлиш кераклиги келиб чиқади.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди» (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, «қўли калталиги»ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, “Муҳаббат, бу–бу бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир”.

 

Боғот тумани  Назар ота
масжиди имомхатиби
У.Мадаминов.

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *