НЕЪМАТЛАР ШУКРИ УНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

Ислом дини ҳамиша инсонларни берилган неъматларга, яхши-ёмон кунларга, дарду қувончга шукр қилиб яшашга чақиради.
Бугунги тинч-тотув кунларимизга шукрона айтиб яшаш ҳар бир юртдошимиз учун фарздир. Чунки, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз тўкин, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, меҳнат қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Бундан нафақат фахрланишимиз, балки шу кунларга шукроналик келтиришимиз жоиздир.
Орамизда синов учун берилган қийинчиликка чидай олмай, ношукрлик қилиб, тақдирини, замонни айблаётган кимсалар ҳам бор, шу билан бирга, оғир дард ёхуд айрилиқ азобини чекаётиб ҳам тилидан шукрни қўймаётган одамларнинг борлиги қалбларга нур беради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён келтирилади: «Ва яна эсланг, вақтики Парвадигорингиз хабар беради. Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман сизларга. Ва агар ношукрлик қилсангиз, албатта, менинг азобим жуда ҳам қаттиқдур» .
Муфассир Ибн Касир (р.а.) «Тафсирул Қуръонил аъзим» номли китобида тафсирида қуйидаги ҳадисни келтиради: «Албатта, банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади».
Юқоридаги ояти кариманинг «Агар ношукрлик қилсангизлар, менинг азобим жуда қаттиқдур» деган мазмундаги қисмида айтадиларки, «Албатта, азобнинг қаттиғи дунёда неъматни олиб қўйиш ва охиратда дўзах азоби билан бўлади». Бу баённинг маъноси шуки, инсон ўзига берилган неъматга шукр қилиши ўша неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло инсонларни энг гўзал суратда яратди, унга ҳар хил нозу неъматларни беҳисоб берди ва ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоқликка буюради. Парвардигоримизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларни шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншоаллоҳ. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилиниб: “…Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур…”, — дейилган. Оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир киши доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир.
Бугун жаҳоннинг қайсидир давлатларида бўлаётган нотинчликлар, тўполонларни кўриб, озод ва обод юртимиз тинчлигига, кунларимиз осуда ўтаётганига шукрона айтишдан чарчамайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда, Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насибу рўзи айласин!

Янгиариқ туман “Хазрати Ғоибота”
масжиди ходими Рахимов Рамзбек      

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *