Ислом бешта асосга қурилган

         Дин-арабча сўз бўлиб, “ишонч” деган маънони англатади. Ислом дини нуқтаи назарига кўра ҳаниф диннинг ақидавий асоси – Аллоҳ таолога, пайғамбарларга, фаришталарга, муқаддас китобларга, охиратга, барча яхшилик ва ёмонлик Яратганнинг иродаси билан бўлишига ишонмоқликдир. Мутлақ олганда дин – эзгулик манбаи ҳисобланади. Ерда хам, осмонда хам Аллохнинг дини ёлгиз Исломдир. Аллох Таоло марҳамат қилади: “Аллох наздида (ягона макбул) дин Исломдир”. “Сизлар учун Исломни дин, деб рози бўлдим”.

Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдиларки: “Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни баён қилишда истиъора ишлатмоқдалар. Яъни, у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. “Бино қилинди” деб, бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ-равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади. Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан “Ислом бино қилинди” дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда. Шунинг учун ҳам: “Ислом беш нарсага бино қилинди”, дейилмоқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир: Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлганлиги учун Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор урилади. Сўнг шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

Беш устундан бири шаҳодат. Биламизки, Ислом дини олдинги динларни тўлдирувчиси, уларнинг давомчисидир. Пайғамбаримизга янги дин юборилгани йўқ. У Зот ўзларидан олдин келган пайғамбарларнинг динини давом эттирдилар. Ҳамма пайғамбарларнинг сўзи битта эди – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Инсонни мусулмон қиладиган, уни бошқа дин вакилларидан ажратадиган, иймонининг белгиси шаҳодатдир. Мусулмон кишининг асосий белгиси бу – Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни бизга танитган зот Муҳаммад (с.а.в)ни пайғамбар, расул эканликларини эътироф этиш.

Иккинчи устун – намоз. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки: “Ғайридин ва мусулмоннинг ўртасидаги фарқ намоздир”. Намоз шундай бир ибодат-ки, уни тарк этишга бирон-бир инсонга йўл йўқ. Баъзи бир инсонлар ўз ҳолатларидан норози бўлишар, лекин айни ҳақиқат шу-ки, мусулмонман деб даъво қилиб туриб, масжиднинг эшигини тополмайдиган, умрида бирор марта пешонаси сажда кўрмаган, намоз ўқишликни билмайдиган инсон, Аллоҳ сақласин, насронийларнинг феълини қилиб турган одамга ўхшайди. Чунки насронийлар биз насрониймиз дейди, лекин ибодатларини қилишмайди.

Навбатдаги учинчи устун – закот бериш. Закот молиявий ибодат бўлиб, яъни инсоннинг моли маълум бир даражага етганидан сўнг ўшандан маълум бир қисмини эҳсон қилади. Аммо бу ҳаммага ҳам эмас. Бу имконияти бор, моли ўша даражага етган мўмин-мусулмонлар учун. Масалан, қўйи 40тага етган инсон, улардан бирини закот қилади. Шу ҳисобга етмагунча закот бермайди.  Ундан кейинги фарз – ҳаж қилишликдир. Бу фарз ҳам моддиятга тааллуқли бўлган ибодатдир. Моддий томондан ҳажга бориб келишга қурби етадиган, саломатлиги кўтарадиган кишига умрида бир марта ҳаж қилишлик фарз ҳисобланади.

Сўнгги бешинчи фарз – Рамазон ойида рўза тутмоқликдир. Бу ибодатни намоз ибодати билан солиштирадиган бўлсак, рўзанинг фарқи баданий, жисмий ибодат ҳисобланади. Шунинг учун бунда соғлик шарт. Агар бир инсонда рўзадан тўсадиган касаллик бўладиган бўлса, ундан то тузалгунга қадар рўза тутиш соқит бўлади. Агар сурункали бўлса, у инсон рўзасининг эвазига фидясини беради.

Хонқа туман Бобо хўжа бобо”

масжиди имом-ноиби

М.Жуманиёзов.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *