Дунёвийлик дахрийлик эмас.

Маълумки, Ислом дини доимо инсонларни яхшилик ва эзгуликка чорлаш билан бирга, дунё тараққиётини юксалишига ҳам жуда катта ҳисса қўшиб келган. Бу борада кўплаб Қурони карим оятларини ва ҳадисларни мисол килиш мумкин. Масалан, Қуръони Каримдаги «Бақара» сурасининг 201-оятида Аллоҳ таоло айтадики, «Одамлар орасида Парвардигорларидан дунё ва охират яхшилигини ва қиёмат кунининг азобидан паноҳ сўраб дуо қилгувчи бандалар бордурлар». Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, Мўмин инсон нафақат дунё ёки охират ташвишида балки ҳар иккисини ҳам ободлиги учун сайъ ҳаракат қилган инсонларни Аллоҳ таоло бизларга намуна қилиб эслатмокда. Пайғамбаримиз алайҳисаллом ҳам муборак ҳадисларида шундай дея марҳамат қиладилар:
«Умматимнинг яхшиси охиратни деб дунёни ташлаб қўймагани, дунёни деб эса охиратни унутмаганидир» дея марҳамат қилганлар.
Бу муборак ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир ақли расо эркагу аёл бир томонлама бўлиб қолмасдан, балки Аллоҳ берган ақл ва заковатни туғри йўлда ишлатиб ўз ватанининг юксалиши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи ва ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятга манфаат келтирмоғи, шу билан бирга хайрли ва савобли ишларни ҳам қилиб охират ютуғини қўлга киритиш зарурлиги мазкур ҳадиси шарифни ҳаётга татбиқи ҳисобланади.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Исломни жуда ҳам саёз тушуниб ёки бу динни ниқоб килиб, Қуръони карим таълимотларини нотўғри талқин қилаётган кимсалар ўзларини нечоғлик Аллоҳ таолонинг ҳузурида гуноҳкор бўлаётганликларини тушуниб етмаяптилар. Айниқса, тинч тотув давлатларни тинчликларига раҳна солиб, у ерда истиқомат қилаёган кишиларни динидан, миллатидан жудо қилиб бир қанча динлар ўртасида низолар келтириб, парокандаликка сабаб бўлаётган экстеримистик ва террорчи ташкилотлар турли ижтимоий тармоқларда халифалик тузумини тиклаш ва дунёвий давлатларни куфрликда айблаб даъватларини мутлақо динимизга зид холатда олиб бормоқдалар. Бизлар эса фарзандларимизни бузуқ этиқодларидан эҳтиёт бўлишдан огоҳлантиш билан бирга соф исломий эътиқот асосида, ватанпарварлик туйғулари ила тарбияламоғимиз лозим.
Бугунги кунимизда ёшларимизга замонавий уйларда истиқомат қилмоглигимиз ёки ёшларимизни замонавий коллеж ва мактабларда замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, дунё тараққиёти учун ва ватанимиз ободлиги учун илмли, марифатли, ёҳуд халқимизни дунё давлатларидан ортда қолмасдан улар билан рақобатлашишлигида ҳар соҳада етакчи бўлиб, юртни дунёга танитмокликлари, динимиз таълимотига зид эмас. Балки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло бандаларига берган олий неъматларидан деб билмоқлигимиз кераклигини тушунтирмоғимиз лозимдир.
Дунёвий давлатларни кофирликда айблашлик тушунчасига тўхталсак, инсонни мўмин- мусулмон бўлишлиги учун иймон калимасини қалбан тасдиқ этиб, тилда иқрор қилмоқлик билан мўмин деб ҳисобланади. Уни дунёга алоқадорлиги, дунё тараққиётини юксалтиришлигига ҳаракат қилмоқлиги эса иймонга зид эмас балки, ўзининг ва бошқа инсонларни тинчлигини ва дунё неъматларидан манфаат топмоқликларини кўзлаб яшамоқлик мукаммал иймоннинг маҳсулидир. Ажабланарли томони шундаки, адашган гуруҳлар дунёвийликни дахрийлик деб жар солсаларда ўзлари бузуқ ақидаларини тарқатишда интернет ва бошқа ахборот технологияларидан фойдаланишликлари ва Аллоҳ харом этган хунрезликни (яъни қонхўрлик) ижросида замонавий қурол яроқлардан фойдаланаётганликлари бу малъунларнинг каззоб ва ёлғончи эканликларига далолатдир. Улар ўзларини иймонда мустаҳкам, тақводор, комил мусулмон, «Мужоҳид» деб даъво қилмокдалар. Аслида эса шариат ҳукми билан айтганда булар «боғий»лардир яъни, ўз жонига қасд этиб Аллохни рахматидан узоқ бўлиб шайтонга дўст бўлган фосиқлардир. Хатто «ҳанафия» мазҳабимиздаги фатволарда бундай кимсаларга жаноза ўқишликдан ҳам қайтарилган. Ақлан олиб қараганимизда эса бу малъун инсонлар геосиёсий урушларнинг қўғирчокларидир. Бугунги кунимизда ҳар бирларимизни дунёвий ва ухровий амалларимизни қўнглимиздек қилиб бажармоқлигимизга сабаб бўлаётган тинчлик неъматини асраб авайламоқлигимиз барчамизга лозим ва лобутдир.

Хазарасп тумани “Хазрати Шайх Муҳаммад Амин”
жомеъ масжиди имом хатиби
М.Мадиримов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *