РАМАЗОН- ПОКЛАНИШ ОЙИ

Мустақиллик шарофатидан юртимизда рамазон ойи рўзасини эмин эркин тутиш имкони туғилди. Мухтарам юртбошимиз томонидан ҳар йили муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида фармонлари эълон қилиниб ушбу муборак ойни чиройли ўтказиш учун мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан чора-тадбирлар белгилаб амалга оширилмоқда.
Рамазон ойини халқимиз кўтаринки рухда байрамона кутиб олиб, хар бир кунини байрамона кайфиятда ўтказиб келишмоқда. Охирги йилларда аксар масжидларимиз юртимизга замонавий кўрк бериши билан биргаликда, уларда   намозхонлар учун етарли шарт шароит яратиб берилди.  Аллох таоло ушбу ойда қилинган дуони албатта қабул қилишини ўз каломи бўлмиш Қуръони каримда ваъда берган. Яратганга беадад шукрлар айтишимиз керакки юртимиз тинч, халқимиз дастурхони тўкин,  шахару қишлоқларимиз обод бўлиб бормоқда. Буларнинг барчаси халқимизнинг холис қилаётган илтижолари яратган даргохида қабул бўлгаётганига мисол бўла олади.
Хақиқатдан ҳам рамазон ойи нафақат рўза тутиш билан ейиш ичишдан, хирсу шаҳватдан тийилиш, балки барча ёмон одатлардан ўзини тийиш, гўзал одоб ахлоқ билан зийнатланиш, бир бировга ёрдам бериш,   покланиш ойидир. Охирги йилларда гувох бўлмоқдамизки рамазон ойида халқимизни бахри дили очилиб ўзаро инсоний меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлмоқда. Ушбу ойда бир-бирларига моддий ва маънавий кўмак беришмоқда. Айниқса, касалманд якка ёлғиз, бева бечора, етим есирлар ва ногиронлар холидан хабар олиниб уларга меҳр мурувват ишларини олиб боришмоқда. Бу нарса юртимизда яшаётган хар бир инсонннинг бахтиёр, ўзаро мехр-муҳаббатли яшашига хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси жамиятимиз тинч бўлишига гаров бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг барчаси яратган парвардигор юртимизга оқил юртбошини бергани ва оқилона олиб борилган сиёсат самараси, десак ҳечам муболаға бўлмайди.
Ушбу ой инсонни камолот сари етакловчи Рамазон — раҳмат ва мағфират ойидир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини турли ғуборлардан тозалайди. Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Рамазондан бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир. Чунки, Аллоҳ таоло мусулмонларга бу ойнинг рўзасини фарз қилди.
Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилади. Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Рўзадорлар бемалол хайрли ишлари ва ибодатларини қиладилар. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхши бўлади.Бу кеча Қадр кечасидир. Ундаги ибодат — яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлади.
Бу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишга бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Аллоҳ таоло Рамазони шариф кунларини барчамизга баракали қилсин!

Х.Уллиев
Хонқа тумани “Хўжа Нураддин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *