РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН

Мухтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароит, етарлича имкон яратилиб берилди. Рамазон ойида жамоат ҳолидан тун ярмигача таровеҳ намозларини адо этиш учун имконият берилишининг ўзи, бу ой муносабати билан мусулмонларга яратиб берилаётган қулайликлар намунасидир.
Мусулмон дунёси рамазон ойини  катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олади. Рамазон ойидаги фазилатлардан баҳраманд бўлишни тилаб, Аллоҳга дуои хайрлар қиладилар. Ойлар султони моҳи рамазон ўз фазилати, гўзал мукофотлари ва ширин ифори билан юзланди. Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббул Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни: «Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур¬қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир». Бу ой мурувват, хайр эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик, дўстлик ва ҳамкорлик ойидир. Бу ойда мусулмонлар юқоридагидек сифатларни ўзида татбиқ қилишга уринадиган ва бир савоб амалига етти юз ва ундан ортиқроқ ажр олишга имкон бериладиган ойдир. Бу ой кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўладиган, таровеҳ намозларини барпо қилиш ойидир. Азизлар, бу ой Қуръон тиловати, суннат таровати ойидир. Рамазон ойининг фазилатларини санаб адоғига ета олмаймиз. Рамазон ойида қилинган дуолар қабул бўлишлиги тўғрисида шундай айтилади. Аллоҳ таоло: «Менга бандаларим дуо қилсалар, дуоларини ижобат этаман, ихлос билан сўраганларини бераман», – деб ваъда берган. Шунинг учун ҳам бу муборак ойда қалбдан, ич-ичдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуо қилишимиз керак. Иншоаллоҳ, дуоларимиз ижобат бўлади.
Диний ва миллий байрамларимиздан бўлган Рамазон ҳайити байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Сиз азизларни ушбу улуғ байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осойишта, халқимизни фаровон айлаб, келаётган Рамазон ҳайити баракоти билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракотларга тўлдириб, ҳалқимизни меҳрли оқибатли қилсин.
Муҳтарам азизлар! Рамазон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, кўча куйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак нур устига аъло нур бўлади.
Рамазон ҳайити байрами муносабати билан ҳар биримиз қабристон ва зиёратгоҳларга зиёрат учун борамиз. Ўтганларимиз руҳларига дуолар қилиб, хайру эхсонлар тарқатамиз. Зиёратларимиз чиройли бўлиши учун, байрам олдидан қабристонларимизни ёввойи ўтлардан тозалаб, байрам куни зиёратга борганимизда бемалол зиёрат қилиш учун тайёргарлик ишларини хозирдан бошлашимиз лозим. Зеро халқимизда “Ўтганларнинг руҳини шод этай десанг, масканини обод қил”- деган мақол бор.
Энди ҳайру эҳсон масаласига келсак, байрам кунлари қабристонга нон ва ҳар-хил озиқ-овқатлар олиб бориш, жонлик сўйиб қозон осиб овқат пишириб, қабристонда таом ейиш жоиз эмас. Хайру эҳсонларимиз қабул бўлсин деган хар бир мўмин мусулмон эҳсонини ўз ўрнига, яъни бева бечораларга тарқатса тўғри ва савоб ишлардан бўлар эди. Зеро, Ушбу муборак ҳайит кунларида яқинларимизнинг холидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайрё саховат улашишнинг хам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло қуидагиларни таъкидлаб айтади.
“Сиздан (эй Муҳаммад,) қандай эхсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: Ниманики хайри эхсон қилсангизлар, ота она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эхсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир” деган. (Бақара сураси, 215-оят.)
Одатда ушбу ойда, бошқа ойда камдан-кам қилинадиган савобли амалларни кўпроқ қилиб қолишга уринилади. Ота-оналаримиз, қариндош, ёру биродарларникига ифторлик баҳона зиёратга борилади. Беморлар йўқланади, кўнгиллари сўралади. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашиб қолганлар, гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу ойда рўза тутиб, унинг савобидан умид қилган ҳолда Рамазон ҳайитига қадам қўядилар. Рамазон ойи қадрлаш ойи, ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш халқимизнинг қон-қонига сингиб, қадриятга айланиб қолган. Рамазон ойи эзгулик ойи, инсонлар бу ойда маънавий покланиб, ўзларида гўзал хулқларни намоён қиладилар. Жумладан халқимиз, ушбу ойда ифторликлар, хайр-эхсонлар қилиш, фитр ва закотларини адо қилиш орқали бир-бировни ҳолидан хабар олиш каби эзгу аммалларни амалга ошириб, ушбу ойни хар бир кунини байрам кайфиятида, кўтаринки рухда ўтказадилар. Айниқса, ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги томонидан қариялар, кўнгли синиқ касалманд, мусибатдор кишиларни холидан хабар олиш, уларни кўнглига хурсандчилик киргизиш нихоятда савобли амал эканлигини эътиборга олиб, уларга 60 млн сўмлик саховатпешалик ишлари амалга оширилди.
Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ҳамда шахар ва туманлардаги барча масжид имом-хатиблари, ихлосманд халқимиз билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини ва ҳайит байрамини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.
Азизлар, яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити байрамини муносиб қаршилаб, байрам кунларида ҳайру эхсонлар билан бир-бирларимизни кўнгилларимизни шод этайлик. Ота-оналаримиз, қариндошларимиз ва дўсти ёрларимиз ҳолларидан хабар олиб, байрам совғаларини улашайлик.
Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин азиз элдошлар!

Х.Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *