ОГОҲЛИК ДАВР ТАЛАБИ

Бугун юртимиз кундан кунга чирой очиб бормоқда, мамлакатимиз бўйича ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг бундай чирой очиб бориши юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамлик сабабидандир. Тинчлик олий ва такрорланмас бир неъматдир, бунинг қадр қимматини чуқур ҳис қилиб яшаш, ҳар бир ватанда истиқомат қилаётган ёшу қари кишиларнинг ҳамда қўл остимизда бўлган оиламиз вакилларининг ҳам муқаддас бурчидир. Юртимиз тинчлигини сақлаш ва уни асраб авайлаш учун барчамиз масъулмиз, шундай экан доимо сергак ва зийрак бўлиб ҳаракат қилишимиз лозимдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши фатонатли бўлмоғи лозимдир” деганлар. Ҳадиси шарифдаги “фатонат” сўзини ўзбек тилига таржима қилганда (тушунчали, фаросат эгаси, дониш, тез фикр қилувчи, зийрак, фаҳми ўткир) каби маъноларни беради. Демак, мўмин киши масжидда, кўчада, уйида, жамоат жойларида бўлсин доимо зийрак ва тез фикрловчи бўлиши зарур экан. Агар жамиятда яшаётган ҳар бир киши шу даражада онг ва тафаккур эгаси бўла олса, юртимизга берилган тинчлик неъмати шукри адо этилган бўлади ва тинчлигимиз барқарорлашиб бораверади, ҳар қандай разил кучлар ҳаракати пучга чиқади.
Юртимиз тинчлигига ва ёшларимиз онгига зарарли иллатларни киритишга уринаётган манфур кимсалар ҳаракати ҳали бери тўхтагани ва ундай кимсалар сони ҳали озайгани йўқ. Юртбошимиз айтганларидек: “Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзинининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлиши, оҳир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур.”
Диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган диний экстремистик ташкилотлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказиш учун уринишмоқда. Бундай таъсирлар (диний экстремизм, терроризм, оммавий маданият) кўринишидаги мафкуравий хуружлар орқали ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга уринишмоқда. Бу эса ёшларимизни бундай таъсирлардан ҳимоялаш муаммоларини юзага келтирмоқда. Чэт элларга ишлаб келиш учун кетаётган фарзандларимизни иложи борича қаттиқ назоратга олишга уларнинг кимлар билан алоқада эканликларини билиб туришга ҳаракат қилишимиз, ҳали юртимизда бўлаётган ободончилик ва ишлаб чиқариш ишларида иштирок этишса маълум бир йўналишни танлаб ҳаракат қилинса жамиятимизга ва ўзига ҳам катта манфаат ва ютуқ келтиришини англатишимиз лозимдир. Ўзимиз ҳам доимо ибодат пайтда бўлсин, кўча куйда бўлсин, мажлис ва тўйларда бўлсин ёнимизда ким, олдимизда ким борлигига эътиборли бўлсак, кўча куйда юрган нотаниш бегона кишидан ким ва қандай юмуш билан юрганини сўраб суриштирсак, ҳар қандай хавф ва хатарларнинг олдини олиб, тинчлигимиз ва юртимиз фаровонлиги учун ҳисса қўшган бўламиз.
Огоҳ бўлайлик, ёшларимизни, ўзимизни, жамиятимизни, тинчлигимизни асрайлик!

И.Отажанов
Ҳазорасп тумани “Султон Хубби” масжиди
имом хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *