ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИНИ УНУТМАНГ!

 Барчамизга маълумки ҳозирги даврда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунё бўйлаб интернетнинг шиддат билан ривожланиши натижасида ундан фақатгина маълумотларни қабул қилиш ҳамда тарқатиш билан чекланиб қолмасдан, балки бунданда катта ишларни бажариш имкониятлари туғилди.

            Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалган. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда.

Юқорида келтириб ўтилган гаплар шуни кўрсатиб турибтики интернетни биз ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка ишлатишимиз мумкин экан. Бизни вазифамиз ундан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Аввало интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини тўғри қилиши керак. Ана шунда бу ишдан фойда топади. Интернетдан фойдаланишдан олдин вақтни зоя кетказмасликни, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини  ўйлаш керак. Интернетда узоқ вақт ўтириш ҳам зарарли бўлиб, у сабабли инсон ўзига хос хасталикларга чалиниши мумкин. Бундан ташқари интернетда кўриладиган, эшитиладиган ва ўқиладиган маълумотларнинг барчасига шариат рухсат берган бўлиши керак. Аммо минг афсуслар бўлсинки, кўпгина инсонлар сайтда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайт орқали бемалол кўришади. Бундай одамларнинг ахлоқида камчилиги бор. Шунинг учун инсон ҳар бир ишни қилаётганда Аллоҳ таоло уни кўриб турганлигини унутмаслик керак. Зеро Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур” (19 оят). Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйган нарсаларни ҳам билади. Шундай бўлгандан кейин бошқа нарсаларни билишда шак шубҳа йўқ. Одамлар буни билиб қўйсинлар.

Балоғат ёшидаги ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини тўғри тартибга қўйиб, уларни доимий равишда кузатиб бориш керак.  Бундай ҳолатларда болаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар фойдаланадиган компютер, телефон жиҳозлари доимий равишда кузатиб борилиши керак. Чунки бола кўча-куйда ўртоқларидан ёки бирон танишларидан ҳам турли беҳаё сайтларни ўрганиб, шуларга кириб фойдаланиши мумкин. Боланинг интернет ёки компютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чарҳлайдиган, одоб ахлоққа тарғиб қиладиган бўлиши керак. Уларнинг вақтлари беҳудага кетмаслиги учун ота-она доимий равишда ҳаракат қилиши лозим бўлади. Агар ота-она фарзандига интернетдан фойдаланиш одобларини доимий равишда ўргатиб, уни назорат қилиб борса, ундай фарзанднинг ҳаёси, одоби ўз жойида бўлади. Бегона ёт ғояларга эргашиб кетмайди. Фикрлаш қобилияти яхши ривожланади.

Интернетда грифингдан ташқари ўсмир ёшлар учун яна бир қанча хавфлар ҳам бор. Яъни болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, экстремистик характердаги секта ва уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлиги, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб-саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлигига ҳавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас.

Ҳозирда интернетда мавжуд салбий ва зарарли сайтлар, яъни ўз-ўзини ўлдириш – худкушликнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи сайтлар қарийб 10 мингга яқинлашганлиги, шундан зиёд террорчилик ва экстремистик сайтлар, қарийб беш минг эротик сайтлар ва шунга ўхшаш бир қанча тарбияга зид сайтлар кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда, унинг ёшлар маънавиятига мафкуравий таъсири, хавф-хатарлари тўғрисида ҳам сўз юритишга тўғри келади. Маълумотларга кўра, бугунги ёшларнинг 90 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида интернетга мурожаат қилишади. Интернетнинг қуйидаги салбий таъсирларини ажратиб кўрсатиш мумкин.

1.Ёт, бузғунчи ғояларнинг кириб келиши (диний экстремизм, миллатчилик, ирқчилик мисолида);

2.Ғарб яшаш тарзига хос, лекин ўзбек минталитетига зид ғоялар, қарашларнинг ёшларга таъсири (кийиниш, чекиш, татуировкалар ва хоказо);

3.Порнографик ахборотлар ва текширилмаган ахборотлар (фитна, уйдирма, бўҳтонлар)нинг тарқалаётганлиги вояга етаётган ёш авлоднинг тарбиясига, хулқ-одобига зарар етказиши табиий.

Кўз ўнгимизда фарзандларимиз кутубхонага эмас, балки, интернет кафеларга бормоқдалар, бир четда чанг босиб ётган мумтоз куй-қўшиқлар ёзилган граммапластинкани эмас, кичкина уяли алоқа телефонидан махсус мослама орқали замонавий эстрада  ва яллаларни тингламоқда. Уяли алоқа компанияларининг арзон бонуслари сабабли эндиликда ўсмирлар қўл телефонлари орқали интернет сайтларига кирмоқдалар. Бугун нафақат кичкина фарзандларимизнинг, балки ўсмирларнинг ҳам тарбия жараёни мураккаб бир ҳолатдадир.

Ахборот хуружлари авж олган бугунги кунда ёшларимизни интернет  ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги аниқ манбаи кўрсатилмаган, асоссиз хабар ва маълумотларга ишониб қолишларидан қандай ҳимоя қилишимиз мумкин. Маълумки, бугунги кунда ислом мусаффолигини асраш, дин ниқоби остидаги кучларнинг хақиқий башарасини очиб ташлаб, кенг оммани, айниқса, диний тушунчаси шаклланиб улгурмаган ғўр ёшларни уларнинг таъсиридан муҳофаза этиш тобора долзарб вазифага айланиб бормоқда.

Кўплаб мамлакатларни ўз домига тортган нотинч сиёсий жараёнларнинг келиб чиқишида оммавий ахборот воситалари ёки интернетда тарқатилаётган хабарларнинг ўрни катта. Ҳозирда турли фитналарга сабаб бўлувчи шов-шувли ёки ёлғон-яшиқ маълумотларни кенг оммага эълон қилиш билан шуғулланувчи ижтимоий тармоқлар зўр бериб ёшлар онгини заҳарлашга уринмоқдалар.

 Бугунги кунда ёшлар интернетга уланиб вақтини беҳуда сарфлаш, ҳеч бир фойдасиз суҳбатлар қуриш, “йигит ва қиз танишуви” билан овора бўлиб умрини, қимматли вақтини ҳавога совуришмоқда. Вақтни исроф қилиш эса гуноҳдир. Аъроф сурасининг 31-оятида: “У исроф қилувчиларни севмайди”, деб огоҳлантирилган.

Тўғри, эндиликда ҳаётимизни компьютер техникаларисиз, уяли телефон алоқаларисиз ва албатта, интернетсиз тасаввур этиш қийин.  Аслида, тўғри фойдаланилса компьютер ҳам, интернет ҳам ваҳимали, хавфли нарса эмас. Фақат улардан тўғри, боланинг ҳар томонлама камол топиши йўлида ва яхши мақсадларда фойдаланилиши керак.

Ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган, интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган ғаразли кучлар ҳам бор эканлиги бизни огоҳликка чақиради.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, китоб ёшларимиз онги ва маънавий дунёқарашини  тўғри шакллантиришга хизмат қилади. Халқимизда “Огоҳ бўлган абгор бўлмас” деган нақл бор. Интернет жуда катта бозорга ўхшайди. Харидор бу ердан ўзига керакли барча нарсани топади. Инсон азиз, унинг соғлиги ва омонлиги бебаҳо неъмат. Арзимаган, оний лаззатни деб азиз умримизга, бебаҳо соғлигимиз ва тинчлигимизга хиёнат қилмайлик. Биз мукаррам қилиб яратилдик, шунга муносиб ҳаёт кечирайлик.

                                                                       У.Рахимов

Урганч шахар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим  юрти    мударриси 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *