MУСУЛМОН УЧ КУНДАН ОРТИҚ АРАЗЛАШМАЙДИ

Инсон дунёга келиб тили сўзга бориб, қўли ишга боргандан сўнг одамлар орасида, ишида, юришида ва туришида, тўйда ва таъзияда аралашиб бир-бирларига ҳамдард ва ҳамнафас бўлиб умргузаронлик қиладилар. Ҳаётда яшаш жараёнида бир-бирларининг гаплари бир-бирларига ёқмаган жиҳатдан, сабрсизлик ёки нафс ғала-ғула қилиши жиҳатидан ўзаро хиёнат қиладилар. Натижада ака-укалар,опа-сингиллар, қавми-қариндошлар орасида ёки қўни-қўшнилар орасида ҳамда бирга ишлайдигаанлар орасида йиллаб аразлашиб, бир-бирларига гап қўшмаган ҳолда юришлари оғир гуноҳ ҳисобланади. Ҳар бир инсон чуқур англаб етмоғи лозимки, мана шундай ўзаро гаплашмай ва борди келди қилмай, юрган мусулмон кишининг қилган барча яхши амаллари, ибодатлари, эзгулик ишлари, Оллоҳ таолонинг даргоҳида қабул эмасдир. Охиратга ана шундай аразлаган ҳолатда кетса кўпгина савоблардан махрум бўлиб, оғир азоблар кутиб турганлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозимдир.
Жаноби Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифларида қуйидагича марҳамат қиладилар: “Кишиларга аразлашиб улардан етадиган озорга сабр этадиган мўмин банда озорларга чидамай, уларга аралашмай юрадиган кишилардан яхшироқдир”. Деганлар
Бошқа бир хадиси шарифда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очиладир. Шунда Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган бандани мағфират қилинадир. Илло у билан биродари орасида кина-адоват бор кишини мағфират қилинмайди. Балки: «Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар! Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар! Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар!» дейилади», дедилар». Муслим Абу Довуд, ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, қиёмат куни ширк келтирмаганларнинг ҳаммасини мағфират қилинганда ҳам бир-бирига душманлик қилганларни то улар ўзаро сулҳ тузиб ярашмагунларича мағфират қилинмас экан. Бас, шундоқ экан бир-биримизга зинҳор ҳам кина адоват сақламаслигимиз лозим экан.
Демак инсон доимо одамлар орасида яхши ва ёмон кунларида аралашиб, ҳар хил ғовғоларни ўзига олмаган ҳолда сабрли бўлиб юриши лозим экан. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар: Жаноби Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам):“Бир-бирингиз билан аччиқлашманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингиздан тескари қараб кетманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Бир-бирларингиз билан ака-ука бўлингизлар. Ҳеч бир мусулмон киши ўз биродаридан уч кеча-кундуздан ортиқ аразлаб юриши жоиз эмасдир” дедилар.
Яна Имом Бухорий ҳазратлари Анас ибн Моликдан қуйидаги хадиси шарифни ривоят қиладилар: Жаноби Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Икки киши Аллоҳ таъоло учун ёки исломда бўлганликлари учун бир-бирлари билан дўст тутинган бўлсалар, бирларидан бир гуноҳ содир бўлса дарҳол уларни ораларини ажратиб юбормасин” дедилар.
Юқоридаги ровийларнинг ривоятида Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги ҳадиси шарифни баён қиладилар: “Ҳеч бир кишининг иккинчи мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай юриши халол эмасдир. Иккаласи шундай бўлган вақтда ҳақ йўлдан четлашган бўладилар. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр-шавқат қилиш томонга ўтса, гуноҳида каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам жаннатга кирмайди. Агар улардан қайси бири аввал салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса, салом берганига фаришта жавоб, қайтармаганига,шайтон жавоб қайтаради” дедилар. Ҳазрати Имом Бухорий улуғ сахоба Абу Хурайра р. а. дан ривоят қиладилар: Жаноби Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ҳар Душанба ва Пайшанба кунлари жаннатнинг дарвозалари очилади ва Аллоҳ таъолога ширк келтирган кишилардан бўлак ҳамманинг гуноҳи мағфират қилинади. Лскин ораларида қаттиқ адовати бўлган икки киши ярашиб олмагунча гуноҳларини ўчиришни тўхтатиб туринглар дейилади” дедилар. Яъни Аллоҳ таъоло гуноҳларни ёзадиган ва ўчирадиган фаришталарга хитоб қилиб айтар эканки; Бу аразлаб юрган икки киши ярашмагунча гуноҳлари кечирилди деб ёзиб қўйишдан тўхтатиб туринглар дер экан. Имом Бухорий қуйидаги ҳадиси шарифни Абу Дардодан ривоят қиладилар: Росулуллох Саллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен сизларга намоздан ҳам, рўзадан ҳам, садақадан ҳам даражаси ортиқ нарсани айтиб берайми? дедилар. Шунда саҳобалар “Ҳа” дейишди. Ҳазрати Росулуллоҳ Саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки;  У эса кишиларни ораси тузук бўлишидир. Унинг бузук бўлиши ҳамма яхшиликларни тарошлагувчидир” дедилар. Яна бир бошқа ҳадиси шарифда:
Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки Парвардигори оламни яратган мавжудотларига раҳм қилмаса, у Аллоҳ таъолодан раҳм кутмасин, кимки кечиримли бўлмаса, у Аллоҳ таъолодан кечирим кутмасин, кимки гуноҳдан тийилмаса у жазодан қутулиб қолишни ўйламасин” дедилар. Юқоридаги барча ҳадиси шарифларни умумий мазмуни ислом шариатида аразлашишнинг қай даражада оғир гуноҳ эканлиги, кечирим учун аввало аразлашган кишига биринчилардан бўлиб саломлашиш лозимлиги, кези келганда умуман мазкур ҳолатларга дуч келмаслик лобуд эканлигини кўрсатади. Мусулмоннинг сифати ҳадиси шарифда айтилгани каби бошқа бир мусулмон киши унинг тили ва қўлидан келадиган барча кўринишдаги озорлардан саломат бўлмоғидир. Аллоҳ таъоло барча мазкурга ўхшаш ҳолатлардан ўзи асрасин. Барча мусулмон аҳли орасини ўзи доимо яхшилик устида бирлаштирсин ва ўзи кифоя этсин!

Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *