КАСБ ВА ИШ БЕРУВЧИНИНГ ОДОБИ

Касбу хунар ва хизматнинг туридан қатъий назар халоллик ва инсофни ўзига шиор қилиши шариат талабидир.
Касбларнинг афзали қайси деган саволга уламоларимиз турлича жавоб берганлар. Оламга машхур барча уламою фузалоларнинг касбу хунари бўлган. Имом Ғаззолий – матога гул босган, Бахоуддин Нақшбандий – матога нақишлар солган ва бошқаларни эслаб кўринг.
Хар ким ўзига хос, ўзи хохлаган, имкони даражасида касб – хунар ўрганади. Мамлакатимизда ёшларни комил инсон бўлиб етишишлари учун турли хил касб – хунар коллежлари, ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хунар қашшоқликдан нажотдир”деган хадисига биноан касбу – хунар ўрганинг. Яна бир муборак хадисда “Ризқни ер остидан излангиз”- дейилган. Зотан зироатнинг фойдаси умумий бўлиб, нафи ғоят кўпчиликка етади. Бошқа бир хадиси шарифда “Мусулмон киши экин экса, дарахт ўтқазса-ю ундан бирор инсон, жонивор ёки қуш еса хам ўша одамга савоби ёзилади ”дейилган. Одам Атодан қолган касб – дехқончиликдир. Хозирги кунда тадбиркорликка кенг йўл очилган, булар орасида тижоратчилар кўпаймоқда. Бироқ улар савдо – сотиқ одобларини яхши билмаганлари сабабли “нафс” кўйида гунохлардан холи эмаслар. Улар холис ният билан ўша одоблар доирасида мол – дунё топсалар касби – ибодат ва савобга айланади. Набий алайҳиссалом “Ростгўй ва омонатдор тожирнинг даражаси (қиёматда)” киромун бароро “(Солиҳ фаришталар) билан тенг бўлади” – деб мархамат қилганлар.
Пайғамбаримиздан (Соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қайси касб энг халол?” – деб сўраганларида “Кишининг ўз қўли (мехнати) билан ишлагани ва мабрур савдо” билан топгани деб жавоб берганлар.
Ишни келишилган ва ваъда қилинган вақтда бажариш ҳам мусулмон шахснинг гўзал одоби ва масъулиятидир.
Бунга иш берувчига қилинган ваъда билан бирга, иш юзасидан одамлар билан муомала қиладиган ходим ва вазифадорларнинг ваъдалари ҳам киради. Мисол учун, идораларга иш битириш учун борган кишиларга «Эртага кел, индинга кел» қабилида ишни ортга суриш ҳам беодоблик ва масъулиятсизликдир. Мусулмон киши ҳар қандай кўринишда ваъдага хилоф қилиш мунофиқлик эканини доимо эсида тутади. (Ижтимоий Одоблар китобидан )
Инсон зоти бу дунёга келар экан, кишиларнинг қўл остида, кейинчалик эса баъзи инсонларнинг оиласи унинг қўл остига ўтишади. Аллоҳ таоло ўзларидан чиққан бошлиқларга бўйсинишга буюриб «Нисо» сураси 59 оятида шундай деб марҳамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”.
Ўз навбатида ўзининг қўл остидагиларга жабр-зулм  қилмасликка, агар шундай қиладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқда бўлиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
Маъқол ибн Ясар р.а дан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим. «Қайси бир бандаки, уни Аллоҳ таоло бошлиқ қилсаю, яхшилик билан амалга ошира олмаса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди.»- дедилар.
Бу дунёда кимдир оиласига, яна кимдир шу билан бирга қўл остидаги ишчиларга бошлиқдир. Аллоҳ таоло уни қўл остидагига бошлиқ қилдими унинг зиммасидаги омонат ҳисобланади. Шундай экан, омонатни адо қила олмаганлар қўл остидагиларнинг дини ва дунёларини тўғирлайдиган ишларни амалга ошира олмаса, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлади, ҳаттоки, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди 500 йиллик масофадан келиб туради.
Мамлакатимизда хар йили турли касбдагилар, халқимиз тинчлиги, осоишталиги, фаровонлиги, дахилсизлиги йўлида фидокорона мехнат қилганлари юксак мукофатлар билан тақдирланиши бунга мисолдир. Охиратда эса халол мехнатларнинг савобини оладилар. Ризқ талабида хаддан ошмаслик керак яъни хаётда молу – дунё тўплашга, пулни кўпайтиришга муккасидан кетмаслик, ўзини аямай ўтга – чўққа урмай, турли жойларга “мўмай даромад” ахтариб кетмаслик зарур, чунки “бирор бир жон – гарчи кечки бўлса хам – ўз ризқини мукаммал олмагунча ўлмас” деган хадис бор.
Хуллас сиз-у биз ўз касбимизни холис ният билан Аллох розилиги йўлида улуғлайлик – фахирланайлик, юртимизга элимизга наф келтирайлик.

А. Матяқубов
Урганч шахар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *