ШАХСИЙ ОЗОДАЛИК ОДОБЛАРИ

Динимизда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилади.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар»(Муслим, Насаий ва Термизий ривояти).

Халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка риоя этиб келган. Орасталик бор ерда барака бўлишини таъкидлаган.

Ислом дини ўзининг ҳар-бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади.  Масалан: ислом арконларидан бири бўлмиш намозни олиб қарайлик. Намоз ўқиш учун албатта таҳорат қилмоқ, яъни  жисмни поклаш керак бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: “Эй имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўфиқларигача (ювингиз)”.

Ҳаттоки, кийим бош, намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлиши керак. Қуръони каримда “Либосингизни покланг” деб марҳамат қилинади. Исломнинг озодаликка катта аҳамият бериши қуйидаги ишларда ҳам яққол кўзга ташланади. Таҳорат қилишнинг инсон саломатлиги учун жуда ҳам кўп қоидалари бор. Жумладан, кўзни қайта-қайта ювиб туриш трахома касаллигидан сақлар экан. Оғиз-бурунни чайиб туриш эса, гриппдан ва шунга ўхшаш юқумли касалликлардан сақлайди. Тишни тозалаб юришнинг инсон саломатлигига жудда катта фойдаси бор. Тиш хақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар бир намоздан олдин мисвок қилишга (яъни тишни тозалашга) буюрган бўлар эдим”.

Юқоридаги ҳадисдан (мисвок) яъни тиш тозалагич ўша даврдаги арок деган бўтадан ясалган. Олимлар бу нарсани текшириб кўрганда, тиб нуқтаи назаридан бу ўсимлик ўзида кўпгина шифобахш кимёвий моддаларни жамлаганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Демак, мисвок турли фойдали ва хушбўй моддалардан иборат бўлган табиий тиш чўткаси десак, адашмаган бўламиз.

Инсон яшаётган манзилнинг озода бўлишининг ҳикмати шундаки, ҳовли ва уйлар нопок бўлса, бундан биринчи галда ўша хонадонда яшовчилар зарар кўради. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар тўпланадиган маконга айланади. Ҳовлиларда чиқинди йиғилиб қолиши, уйнинг шифтларида ўргимчак тўри бўлиши ва шунга ўхшаш нопок ишлар макруҳ амал ҳисобланади. Шунақа уй-жойлар бефайз ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. дея марҳамат қилганлар.

Нафақат, уй-жойларимизни, балки маҳаллаларимиз, кўчаларимиз, ишхонамизни озода тутсак қандай яхши. Эрта тонгда ишга бораётиб, кечқурун ишдан қайтаётиб ҳовли-кўчасига сув сепиб, супураётган уй соҳибаларини кўрганда кишининг баҳри дили очилади. Урф-одатларимизда саҳарлаб ҳовли- кўча супуриш озодалик билан бирга ишга бортаётган уй соҳибининг иши баракали, йўллари равон бўлишига ёрадм беради деб умид қилинган. Озодаликка биринчи галда экологияга самарали таьсир қилади,  чиқиндиларнинг вақтида олиб кетилиши  анча-мунча касалликларнинг олдини олади.

 Покизаликка оид урф-одатларимиздан бу – умум халқ ҳашарларидир. Бунда барча баробар, ёшу қарининг иштирок этади. Ён-атроф озодалигига, баданимиз тозалигига, соғлигимизга эътибор беришимиз – буларнинг барчаси ибодатдир. Демак, қайсики ишда савоб ўша иш ибодат ҳисобланар экан.

Инсоннинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламининг  пок бўлишига бевосита боғлиқдир. Демак, инсон ҳалқумидан ўтган ҳар бир нарсага жиддий қарамоғи лозим.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Инсоннинг танасида бир парча гўшт бор. Агар ўша гўшт пок бўлса, тананинг қолган қисмлари ҳам покдир. Агар нопок бўлса, қолган қисмлар ҳам нопокдир. У – қалбдур”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни покликда ва озодаликда собитқадам айласин!

                                                                                  П.Бобожонов

Шовот тумани “Қори эшон бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *