ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК МАМЛАКАТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИДИР

Ислом дининг асл манбаларидан бўлган ҳадиси шарифларнинг бирида Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мусулмон киши шундай бўладики унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдилар!” деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан – инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин экани таъкидланмоқда.     Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, унга ношукурчилик қилишдан сақланишимиз, тинчликнинг барқарор бўлиши учун унга ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бир куни  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)га  шундай дедилар: «Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан». Ҳа, албатта, тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади.

Ҳалқимизнинг асрлар оша тўплаган тажрибасини ўзида ихчам тарзда мужассам этган кўплаб мақолларда ҳам ана шу ҳақиқат ўз ифодасини топган. Жумладан, «Офат кўрмай десанг, ҳушёр бўл», «Эҳтиётинг бўлса, эҳтиёжинг бўлмас», «Сув пешонага чиққандан кейин пушаймондан фойда йўқ» каби мақолларда хушёрликнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни нақадар юқори баҳоланганини кўриш мумкин.

Ҳушёрликни таъминлашда кичик, майда-чуйда нарсаларнинг ўзи бўлмайди. «Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради», «Бир таёқ бошни ёради» каби халқ донишмандлиги намуналарида бундай эътиборсизликнинг инсон ва жамият ҳаётида қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ўзининг яққол ифодасини топган.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини ҳар доим ҳам тўғри тушунавермаймиз. Ҳадиси шарифда“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”дейилган.

Лоқайдлик ва бепарволик инсониятга катта зарарлар келтириши ҳақида Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.

Аллоҳнинг бизларга бераётган тинчлик неъмати ва бошқа  неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак.  Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзандларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, чин инсонлик ҳақини фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.

Қуръони карим Иброҳим сураси 7 оятида: «Агар сизлар шукр қилсаларингиз бас, мен неъматларимни сизларга янада зиёда қилурман. Ва агар ношукрлик қилсаларингиз бас, ёдингизда тутингларки, менинг азобим қаттиқдир»

 Шукрлар бўлсинки, озод ва обод Ватанимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Элимизда бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари кўлами тобора ортмоқда. Азиз ва муқаддас диёримиз кун сайин гуллаб яшнамоқда. Мамлакатимиздаги тараққиёт ва юксалишлар юртдошларимизда ҳақли равишда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.

Афсуски, ер юзининг ҳамма жойида ҳам бундай ўсиш, ривожланиш, жараёнлари боряпти, деб бўлмайди. Дунёнинг турли ҳудудларида кескин қарама-қаршиликлар, тўс тўпалонлар содир бўлмоқда. Айрим давлатларда бузғунчи, террорчи тўдалар томонидан қилинаётган босқинчилик, талончилик, манфаатпарастлик мақсадидаги вайронкор, ваҳшиёна ҳаракатлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага соляпти. Уларнинг асосий мақсади ўзларига эргашмаганларни жисмонан йўқ қилиш, моддий бойлик орттириш ва ҳокимиятга эга бўлишдир.

Одамлар ўртасида иғво тар­қатиш, фитна чиқариш ва жамиятда адоват қўзғаш ислом динида ҳаром килинган катта гуноҳ амаллардан саналади:«Фитна қотилликдан ёмондир» (Бақара, 191).

 Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик энг улуғ неъматдир. Бу неъматни ҳам бошқа неъматлар қаторида қадрига этиб, уни тинчлигини сақлаб, ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ зарур. Хотиржам бўлиб, огоҳликни йўқотиш мутлақо мумкин эмас. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси бўлибгина қолмасдан, бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деганларидек, барчаси учун ўзимиз масъулдирмиз.          Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши учун ва Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик ва осойишталик лозим.

  

 С.Сапаев

Хива тумани “Хасан Басрий”  масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *