УРФ ОДАТ НИҚОБИДАГИ ИЛЛАТЛАР

Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида халқимизнинг шевалари, тўю-тантаналари, кийиниши бир-биридан фарқ қилади. Маросимлардаги урф-одатлар ҳам турлича бўлиб, аксари ҳолларда ота-боболарининг урфларига бориб тақалади.
Айниқса ҳозирги вақтда мусибатхоналарда турли бидъат-хурофотларнинг авж олиши, инсонларнинг  таъзия одобларига риоя қилмасликлари натижасида, ўзларини ҳам,  мусибат етган хонадон аҳлини ҳам қийин аҳволга солиб қўйишлари,  гуноҳга сабаб бўлиш ҳоллари учрамоқда. Жанозадан кейинги барча бидъатларни таҳлил этсак, марҳумга, унинг руҳига фойдасиз эканини кўрамиз.
Аксинча, бу одатлар одамларнинг ўз руҳларини тинчитиш учун, кўнглини ҳотиржам қилиш учун хизмат этади. Шариат аҳкомларига риоя қилмаслик, Қуръонга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашмаслик  инсонларни залолатга етаклайди. Инсонларнинг етарли илмга эга эмасликлари натижасида турли маросимларда яқинлар, қариндошлар ва атрофдагилар орасида  бир қатор нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларида  баён қилинишича, таъзияни уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозада иштирок эта олмаган киши уч кун ичида кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирсин. Кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобга эга бўлади, дейилган. Шундан келиб чиқиб, ҳайит кунлари бўладими 7-40-52-100 кунликлар бўладими? яна келиб таъзия билдириш жоиз эмас, чунки таъзия бир маротаба бўлади.
Аксари ҳолларда бўладиган таъзия маросимларидаги бидъат-хурофотларни кўпчилик “Ота-боболаримиздан қолган урф-одат”, “Ўтганларни руҳи норози бўлади” ва бундай маросимларни ўтказиш “Фарзанднинг ота-онаси олдидаги бурчи” деб қаралади. Айнан мана шундай маросимларни ўтказиш билан марҳумнинг яқинлари учун “Фарзандлик бурчини ўташ” деб, нотўғри тушунчага борилади.
Таъзиядаги бидъат-хурфотлар урф-одат кўринишида бўлса ҳам, инсонларни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қийин аҳволга солиб қўяди.
Таъзиядаги бундай маросимлар асосан, таъзияхонадаги исрофгарчилик, инсонларнинг кўзи учун қилиниши ва энг ачинарлиси мусибатхона эгаларини бундай маросимларни ўтказаман деб, қарз бўлиб қолиши мусибат устига мусибатдир.
«Эл-юрт нима дейди”, “Халқимиз маросимларида қатнашганмиз”, “Ота-боболаримиздан қолган удум” деган ниятлар билан одам гапига қараб қилишади. Одамлар гапига қараб эмас, балки шариат ҳукмига қараб, амал қилиш керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда Пайғамбаримиз изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).
Уч кундан кейин қилинадиган ҳар қандай эҳсонни  ҳар ким ўз оила шароитидан келиб чиқиб, ҳохлаган вақтда, қарз ҳаволасиз қилса бўлади. Имкони бўлмаганлар эса эҳсон қилишлари шарт эмас.
Шуни яхши билмоқ керакки, хайр-эҳсон қилиш мустаҳаб амал бўлиб, у шариат  таълимотига мувофиқ ўтказилгандагина ажру-савобга эга бўлади.
Аслида эҳсон бирорта муҳтож оилага берилиб, унга алоҳида саҳоват кўрсатилса, нур устига нур бўлади. Оламдан ўтиб кетганларни фақат қилинадиган эҳсон кунлари эмас, балки ҳар доим эслаб туришимиз лозим. Ибратли ҳаёт йўллари, қилган савобли амаллари ҳақида яқинларимизга, фарзандларимизга ўгит сифатида айтишнинг тарбиявий аҳамияти каттадир.
Муҳтожларга ҳам моддий ҳам маънавий мадад беришимиз  ўтган яқинларимиз учун ҳам, ўзимиз учун ҳам ажру-савоблар етадиган амаллардир.
Ислом шариатига бирор нарсани қўшиш шариатдан бирор нарсани олиб ташлаш билан тенгдир. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
“Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир”.
Ислом динида инсонлар манфаати юқори даражага қўйилган. Динимиз инсонларга енгилликни истайди, инсонлар эса ўзига жабр қилади.  Ўлим учун дод-вой қилиш мумкинмас дейилган, инсонлар эса баттар ёқа йиртади. Дин исрофгарчиликка қарши,  лекин  инсонлар турли-туман маросимларни ўйлаб топишади. Динимиз икки ҳайитни бизга энг улуғ байрам қилиб берган, хурсандчилик қилинглар,  деган,   биз  эса  байрам  кунларини мотам билан ўтказамиз. Динимиз таъзия кунини уч кун  деб кўрсатма берган, биз эса мотамни  ойлаб, йиллаб чўзиб юрамиз.
Энг ачинарлиси – динимиз қайтарган бундай маросимларга Қуръон тиловатлари билан билиб-билмай диний тус берамиз.
Шариатда кўрсатилмаган маросимларни ўтказишда асосан аёлларимиз етакчилик қилишади.  Эркакларимиз “Жума мавъизалари”дан,  турли маросимларда  ўтказиладиган амру-маъруфларда  уламоларимиздан бидъату-хурофотларни   қилиш гуноҳ эканлигини эшитиб, аёлига “Таъзия уч кун,  “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби маросимлар динда йўқ, булар ҳаммаси бидъат экан” деб айтса, аёли “Буларнинг ҳаммаси ота-боболаримиз томонидан қилинган, қилмасак уларнинг арвоҳи норози бўлади”, — деб жавоб қайтаришади.
Бидъату-хурофотлар халқимиз орасида урф-одат даражаси бўлиб, улар турмуш тарзимизга сингиб кетган бўлиб, булардан қутилишимиз қийин бўлмоқда. Аммо айнан бидъату-хурофотларни диндан эмаслигини сиз билан биз эслатиб, уни қилмасликка харакат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга динимизнинг кўрсатмаларини мукаммал ўрганиб, унга Ўзи рози бўладиган тарзда амал қилиш бахтини насиб этсин!

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *