СОФ ИСЛОМ АҚИДАСИНИ САҚЛАЙЛИК

Маълумки, муқаддас ислом дини илоҳий таълимот бўлиб, унинг асосий ғояси инсонларни Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этишга чақириб, уларни икки дунё саодатига мушарраф этишдир. Шунингдек, Ислом шариати инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига, Ер юзида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ер юзини обод қилиш, Аллоҳ таолонинг ердаги барча мавжудотларига нисбатан меҳр ва шафқатли бўлишни инсоннинг асл вазифаларидан деб белгилаган. Ислом дини руҳий-маънавий комилликка даъват этувчи дин ўлароқ нозил бўлган ва аввало, шу йўлдаги энг хавфли ғаним бўлмиш нафсга қарши кураш руҳи билан йўғрилган. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида хитоб қилиб шундай дейди: яъни: «Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир».

Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда Аллоҳ таоло инсониятга душман деб ҳисоблаган шайтони лаин найрангларига алданиб, яратилган барча неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимлар ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини бениҳоят ранжитади ва сергакликка чорлайди. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида ўз тасдиғини топди.
Бузғунчи фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, мусулмонлар ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низо ва қонли тўқнашувларлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар. Шу ўринда ҳижрат, жиход такфир байъат каби тушунчаларни ноўрин ва нотўғри талқин қилиб соф ислом динимизни булғамоқчи бўлмоқдалар. Вахоланки исломдаги  “ҳижрат” тушунчаси луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади. Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг барча арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод килмокда деса бўлади. Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади.

Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади.Ҳозирда бузғунчи тоифалар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслиги сабабли, «жиҳод – муқаддас уруш» деган тушунчани ноўрин тарғиб қилиб, асосан мусулмонларга қарши жанг қилмоқдалар.

Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш эса ислом дини таълимотига зиддир.Пайғамбаримиз (с.а.в.)  Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади яъни: «Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади. Яъни айбланган киши мусулмон бўлса, айбловчининг ўзи кофир бўлиб қолади. Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо): «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», деганлар. Муфассир, муҳаддис олим Жалолиддин Суютий эса: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир», деб таъкидлаганлар.

Такфирчилар дин масаласида илм ва ақлни эмас, балки ҳис-туйғуни ҳукмрон тутишлари оқибатида айрим ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг нотўғри таъвил қилган ҳолда, ҳеч бир шаръий асоссиз, мусулмонларни кофирга ҳукм қилмоқдалар. Имон қалбда бўлади. Бир инсоннинг қалбини билмасдан туриб, қайсидир иши учун дарров кофирга чиқаришдан эҳтиёт бўлиш лозим. Акс ҳолда бу тамға инсоннинг ўзига қайтиб, имондан айириши ҳеч гап эмас. Зеро, юқорида келтирилган ҳадиси шарифларнинг мазмуни кофир бўлмаган одамни кофирга чиқарган кимсанинг ўзи куфрга тушиб қолишини англатади. Такфирчилар ва уларнинг издошлари Исломни ва Қуръонни англашда енгил муносабат билан ҳамда ўз қабиҳ манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашгани сабабли жуда аянчли оқибатлар юз бермоқда. Ана шундай саёзликларидан бири фиқҳий масалаларни бузиб талқин қилишларидир.

Бугунги кунда айрим кимсалар томонидан яна бир шаръий масалани нотўғри талқин қилиниши кўзга ташланмоқда. У ҳам бўлса «байъат» тушунчасидир. «Байъат» арабча сўз бўлиб, «келишиш», «битим тузиш» деган маъноларни англатади. Шариатда байъат тушунчаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва у зотнинг халифалари (ўринбосарлари)га хосдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилиш – Исломни қабул қилиш, унинг амалларини бажариш, Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига содиқ бўлишда аҳднома маъносини ифодалаган. Бузғунчи тоифалар эса ўзларининг сохта амирларига жангарилар томонидан қилинадиган аҳдномаларни ҳам мазкур байъатга тенглаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу эса айни жаҳолат демакдир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда «байъат» масаласида тортишаётганлар, унга шаръий тус беришга уринаётганлар ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни тўғри англамаган ёки уларни тартибли равишда ўрганмаган ҳолда баҳс олиб бормоқдалар. Уларнинг сохта «халифалик» даъвоси ёки байъат олиши динимиз таълимотига бутунлай зиддир. Зеро, ҳазрат Умар (р.а.): «Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди», деганлар.

Ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган экстремистик ҳаракатларнинг инсон онги ва қалбини эгаллаш мақсадида ҳар қандай разил йўллардан фойдаланиш ҳоллари авж олаётганини афсус билан қайд этиш лозим. Бундай кучларнинг динимиз асосларини, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уриниши эса, уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.
Баъзи бир ота-оналар фарзандларининг диний эътиқодларидан разил кучларнинг усталик билан фойдаланишлари мумкинлигини ҳаёлларига ҳам келтирмайдилар. Оқибат эса фарзандлар ўз ота-оналарини беҳурмат қилиш, жамоатчилик фикрини менсимаслик, қонунларга риоя қилмасликка ўтадилар. Демак бизлар доимо ёшлар тарбиясида ўта эҳтиёткор бўлишимиз, фарзандларимизни зарарли ғоялардан ўз вақтида ҳимоя қилишимиз давр талаби эканлигини унутмаслигимиз зарур. Ҳукамолар айтганларидай: Ўзингни ёмон кишилар суҳбатидан узоқ тут, чунки ёмон кишилар суҳбати жаҳаннам ўтидан ҳам ёмонроқдир. Ҳар суҳбатнинг бир таъсири бўлади. Чунончи, яхши кишилар суҳбати фазилатни оширса, ёмон кишилар суҳбати заҳматни оширади.Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна, ғалимислик ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидояти соф ислом акидасидан асло айирмасин.

 

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп туман “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *