СОХТА САЛАФИЙЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

Салафийлик оқими исломдаги ҳукм ва фатволарни замон тақозосига кўра эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда тадбиқ этишни олға сурувчи оқим ҳисобланади. Улар араб ва бошқа мусулмон ўлкаларида тарқалган бўлиб, сўнги даврларда Ўрта Осиё ҳудудига киришга хам уринишмоқда. Оқим аъзолари ўн тўрт асрдан бери исломнинг буюк алломалари, фақиҳу-мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

“Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони беради. Истилоҳий маъноси эса Пайғамбар с.а.в. ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил яшаб Исломга хизмат кўрсатган олимлар “салафи солиҳинлар” тушунилади. Охирги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш” ни ниқоб қилиб исломий жамиятларга исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилувчи мутаассиб салафий оқимлар кўп кузатилмоқда.

Ушбу оқимнинг тарихи исломнинг аввалги давридаги воқеалар ва жараёнлар билан боғлиқ. VIII аср охири ва IX аср бошларида “Қуръон махлуқ” (яъни, яратилган) деган ғояни илгари сурган мўътазила оқими пайдо бўлган. Бу ғояга қарши курашишда салафи солиҳинлар тутган йўлни тутиш шарт, деган ғоя илгари сурилди. Бу ўша даврнинг тўғри хулосаси эди.

Зарур ақиданинг ўзгариши ва фиқҳий асослари 1263 – 1328 йилда яшаган Ибн Таймияга бориб тақалади. У кескин ҳаракатлари туфайли тўрт марта зиндонга ташланган. 1328 йилда қамоқхонада вафот этган.

Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун “давлатни шариатсиз бошқарган ҳукмдорга жиҳод эълон қилиш керак” деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган.

Ибн Таймиянинг Пайғамбар с.а.в., саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш, шунингдек, тавҳид, Оллоҳнинг макони, такфир (куфр келтириш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилган. Шундай бўлсада, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилган.

Хусусан, XVIII асрда ҳар қандай янгиликни инкор қиладиган, тасаввуфни асло тан олмайдиган, васила яъни, восита орқали Аллоҳга мурожаат қилишни куфр, деб ҳисоблайдиган, ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилган, тарихий манбаларда “қонли даъват” номини олган оқимлар пайдо бўлган. Бунинг оқибатида “Пайғамбаримиз с.а.в. шафоатидан ҳеч қандай наф йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинган.

Сохта салафийлик ғоялари “Ислоҳотчилик”, “панисломизм” каби оқимлар янгидан жонланди. Улар ягона халифалик тузиш ва барча Ислом ўлкалари бир байроқ остига бирлашиши лозим деган ғояни илгари суришади. Бундан мақсад урфдаги мазҳабларни йўқотиш, мазҳабсизликка олиб бориш эди. Бугунги кунда ҳам кузатсак, бундай зарарли ғоялар яна урчиётганига гувоҳ бўляпмиз.

Ҳар биримиз аввало ўзимиз учун зарур бўлган соғлом эътиқод йўлини танлашда адашмаслигимиз лозимдир. 

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *