ИСЛОМДА ЁТ ОҚИМЛАР

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан виждон эркинлиги қонун билан кафолатланди. Ўзбек халқи том маънода ўз дини ва тарихига эга бўлди. 1990 йилгача саноқли масжидлар ва 2 та диний ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунгача 2000 дан ортиқ масжид, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети ишлаб турибди. Лекин бизнинг мана шундай ютуқларимизни, тинчлигимизни кўролмаётган ғаразли кучлар ҳам борки, уларнинг бузуқ ниятлари қуйидаги холатларда намоён бўла бошлади: — сохта “ислом”чилар  ислом дини асосларини бузиб талқин қила бошладилар;

-Аҳолининг ислом динига бўлган катта қизиқиши ва шўро даври таъсирида пайдо бўлган руҳий бўшлиқдан фойдаланиб, халқаро экстремистик ташкилотлар томонидан диний мутаассиблик руҳидаги адабиётлар, дисклар  тарқатила бошлади;

“Экстремистик” сўзи “ақл бовар қилмас даражада”, деган маъноларни билдиради. Яъни жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусиятлари ҳисобланади. Экстремизм барча динларда мавжуд. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, диний тушунчалар ва қонун-қоидаларда ҳаддан ошиш, кўр-кўрона ёндашиш диний экстремизм пайдо бўлишига олиб келади.

Афсуски, ғарб давлатларида пайдо бўлган “фундаментализм”, “радикализм”, “экстремизм”, “терроризм” каби тушунчалар ислом динига боғланар ва муқаддас динимизни бу нарсаларнинг сабабчиси, деб талқин қилинарди. Аслида бу ҳаракатларнинг исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Энг катта сабаб ислом динининг мўтадил таълимотларидан четга чиқиш, ҳаддан ошиш ва илмсизликдир.

Динимиздаги бош масалалардан бири ибодат-у муомалаларда ўртача-мўтадил йўл тутишдир. Бунга мисол Нисо сурасининг 171-оятидир: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динларингда ҳаддан ошманглар. Аллоҳ тўғрисида фақат ҳақ гапни айтинглар”.

Яъни, насронийлар Исо (а.с)ни худо даражасига кўтариб, ҳаддан ошган бўлсалар, мусулмонлар эса у Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари дея ўрта йўлни тутдилар.

Ислом дини руҳият ва моддиятни баробар тутишга чақиради. Қасос сурасининг 77-оятида: “Аллоҳ сенга берган нарсалар билан охиратни истагин. Дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек сен ҳам яхшилик қил”, -дейилади.

Яъни. яхши киши ўрта йўл тутиб, дунё ва охират ишларини бирга олиб боради.

Энди, террорга нисбатан динимизнинг муносабатини ўргансак. Авваламбор, инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган яшаш-ҳаёт ҳуқуқига тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро Моида сурасининг 32-оятида: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби)фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир”, -Дейилади.

Яна ўзларини портлатиш билан бир қанча бегуноҳ бечораларнинг ҳаётига зомин бўлаётган, ўзларини “шаҳид” деб атаётган кишилар тўғрисида Бақара сурасининг  195-оятида: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”-деб, бу ишлар энг катта гуноҳлардан эканлиги баён қилинади.

Диний экстремизм билан танилган фирқалар асосан “Ҳизбут-таҳрир”, “Салафийлик”, “Жиҳодчилар”, “Ислом лашкарлари”, “Мусулмон биродарлар”, “Жамоатут такфир вал ҳижра” ва шунингдек, бугунги кунда барчани ташвишга солаётган мисли кўрилмаган террор ҳаракатларини амалга ошираётган “ИШИД” ва шу кабилардир. Бу фирқаларнинг ўхшаш томонлари бир нечта бўлиб ўзаги битта:

-ҳокимиятга интилиш;

-ўзларидан бошқаларни кофирликда айблаш;

-бир неча асрлардан бери амал қилиниб келинаётган ислом қонун қоидалари ва Ҳанафий  ва шу каби мазҳабларни тан олмаслик;

-илмсизлик.

моддий бойликлари кўп бўлган давлатларда нотинчликлар келтириб чиқариш ва унинг бойликларига кўз олайтириш.

Юртимизда         диний экстремизм билан қандай кураш олиб боришнинг моҳияти Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан асослаб берилган. Яъни, “жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш”.

Президентимиз бошчилигида давлатимиз раҳбарлари томонидан диний экстремизмга қарши олиб борилган кураш таҳсинга сазовордир. Бинобарин, ҳар бир инсон Ватан олдидаги фуқаролик бурчини яхши англамоғи, элим деб, юртим деб ёниб яшамоғи, шу давлат, жамият менга нима берди, деб эмас, балки мен ўзим ватанимга нима бера олдим, деган шиор билан ҳаракат қилмоғи зарур.

Б.Ходжаев

Хива шахар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *