ФАРЗАНЛАРИМИЗНИ АДАШИШЛИКДАН САҚЛАЙЛИК

Мустақиллик йилларида юртимизда катта ўзгаришлар бўлди, маданятимиз ва маърифатимиз янада тараққий этди ва шунинг баробарида миллий ва диний қадриятларимизга эътибор ошди.   Буларнинг ҳаммаси яратганнинг бизга берган буюк неъмати тинчликнинг бардавомлигидандир. Лекин кейинги пайтда тинчлигимиз ва тарақиётимини кўраолмаётган баъзибир динни ниқоб қилиб тинчлигимизга рахна солаётган кучлар йўқ эмас.

Динимиз инсонларни урушга чақирмаган, аксинча, ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, сулҳи-салоҳда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этган. Самовий китобларнинг бирортаси урушни тарғиб қилмаган, билъакс, тинчликни, омонлик ва сулҳни талаб қилган. Қуръони карим уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисоблаган. Динларнинг бирортаси зулмни, қотилликни, хунрезликни, одам ўлдиришни ёқламаган, аксинча, меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, инсонпарвар, раҳм-шавқатли бўлишга чорлаган.

Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасининг 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўровонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш зарур. Ҳадиси шарифда Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан».

Чунки, тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади.

Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеаларнининг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон  халқининг ҳам қалбини ларзага солади. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз. Шунингдек, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Кейинги пайтларда ёшларимизнинг бошқа давлатларга чиқиб ишлаб келмоқдалар албатта ўз оиласига моддий манфаат келтирган яхши аммо бугун чет элларда сарсон саргардон бўлиб юрганлар қанча. Уларнинг кўрган моддий фойдаларидан кўра маънавий зарарлари кўпроқ бўлмоқда. Бундан ҳам ачинарлиси шуки баъзи юртдошларимиз эстремистик оқимларга қўшилиб кетаётганлиги ҳар бир виждонли кишини ташвишга солади. Озгина маблағ эвазига ватанини ўз юртини сотиб кетаётган кишилар бизнинг келажагимиз бўлган ёшларни йўлдан уриб ўз юртига қурол кўтарадиган манқуртлар қилиб тайёрлашига йўл қўймаслигимиз керак. Фарзандларимизда маънавий ҳимояни кучайтиришимиз, динимизнинг тинчлик ва меҳр оқибат дини эканлигини уларнинг онгига чуқур сингдиришимиз керак.

  Ғ.Бабажанов

Ҳазорасп тумани “Султон Санжар мозий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.