ЭРТАМИЗ  ЭГАЛАРИНИНГ КАМОЛОТИ

Мамлакатимизда  Юртбошимиз томонидан ёшлар тарбиясига жуда катта эътибор каратилмокда. Замонавий академик лицейлар,  касб-хунар коллежлари, махсус ихтисослашган мактаблар ташкил этилиши, уларнинг дунё андозаларига тўлиқ мос келадиган замонавий ўқув ускуналари билан жихозланиши ёшлар таълимига бўлган эътиборнинг амалий кўринишидир. Бугунги даврда мамлакатимизда таълим тизими давлат миқёсидаги  энг юқори вазифа даражасига кўтарилган. Фарзандларимизнинг чинакам жасур, қўрқмас, довюрак, ватанпарвар, билимдон бўлиши ҳисобга олинган холда улар орасидаги иқтидорли, истеъдодли ёшлар мунтазам рағбатлантирилмокда. Уларнинг комил инсонлар килиб тарбияланиши йўлида барча куч ва имкониятлар ишга солинаяпти. Келажак ворисларига нисбатан бўлган бу каби ғамхўрликларнинг сабаби эса фарзанд-Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги ажиб неъмат эканлигидир.

      Аллоҳ таоло айтадики: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…«, Ҳадиси шарифда эса: “Фарзанд қалб райхонаси, гулидир”, дейилади. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур килади. Катта бўлганларида ёрдамларидан бахраманд бўламиз. Пайғамбаримиз(с.а.в.) айтадилар: «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: Садақаи жория, фойдали илм, дуо қилувчи солиҳ фарзанд«. (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида  неъмат қилиб берган. Лекин гоҳида мана шу фарзанд ота-онасига турли машаққатни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Фарзанднинг отага жафо қилмоғи сабабларидан бири, ўша отанинг ўтмишда ўз отасига жафо қилганлигидандир. Пайғамбаримиз(с.а.в.) яна алоҳида таъкидлайдиларки: «Оталарингга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар«. Шариатимизда ёшларнинг ахлоқ -одоби, таълим- тарбиясига эътибор  энг муҳим масалалардан бири, деб ҳисобланиши бежиз эмас, албатта. Бу унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқ ҳамда илм -маърифатига боғликдир. Ҳадислардан бирида «Болаларингизга одоб-ахлоқ беринглар ва одобларини чиройли қилинглар»- дейилган бўлса, бошқа бир ҳадисда «Ёшликда ўрганган билим тошга ўйилган нақш кабидир» ,-деб айтилган. Ота ўз фарзандининг тарбиясига бепарволик ва дангасалик қилиб, фақат ўзининг иши билан машғул бўлиши, ҳар хил сафарларга кетиши натижасида фарзандлар етарли тарбия ололмасликлари мумкин. Бу ҳақда буюк олим  имом ибн  Қайюм шундай дейди: «Кўпчилик фарзандларнинг ахлоқсиз бўлиб, бузилиб кетиши, оталар томонидан уларга бўлган бепарволик сабабидан, уларга диний ва дунёвий билимларни ўргатмасликлари бўлса, яна уларни ёшлик чоғларида қаровсиз қолдиришларидир. Бундай фарзандлар катта бўлганларида ўзгаларга ҳам, оталарига ҳам манфаат етказмайдилар».

Фарзандларнинг келажакда ахлоқ-одобли бўлиши, аввало, ота-оналар, сўнгра муаллим устозлар, яшаш жойларида эса маҳалла- куй, оксоқоллар ва кенг жамоатчилик зиммасига юклатилади. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз илм-маърифатли бўлиб етишишида ҳеч ким четда томошабин бўлиб туриши асло мумкин эмас.

     

                                                        А.Аллаберганов

Ҳазорасп тумани “Ахтам сахоба” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *