Абул Қосим Қушайрий: муридларга васият

Муридлар сулук йўлига киришдан илгари, турли шаръий илмларни пухта ўрганиши лозим бўлади, акс ҳолда турли муаммоларга дуч келади ва жамият турли хатарларнинг сабабчиси бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида уламоларнинг турли фикрларини жамлаб, шундай таъкидлайдилар: “Ҳақиқий сўфийлар доимий равишда илм – маърифатга, хусусан, шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар”. Ва шу фаслнинг охирида Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ажийба ал-Ҳасанийдан қуйидаги иқтибосни келтирадилар:

“Фиқҳсиз тасаввуф бўлмас. Чунки, Аллоҳ таолонинг зоҳирий аҳкомлари фақатгина фиқҳ орқали билинади. Шунингдек, тасаввуфсиз ҳам фиқҳ бўлмас. Чунки, содиқ тавжжуҳсиз амал бўлмас. Иймонсиз иккиси ҳам бўлмас. Чунки усиз уларнинг иккиси ҳам тўғри бўлмас. Бас, иккисининг ҳукми бир-бирига лозим бўлгани учун, иккисини ҳам тутмоқ лозимдир”.

Бу ҳақда Молик раҳматуллоҳи алайҳи “Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир”, деган”.[1]

Тасаввуфнинг аҳамияти ҳақида гап борар экан, унинг ақийда илми, Қуръон ва хадис, одаб ва ахлоқ илмлари билан яқиндан боғлиқ жиҳатларини эсламасдан иложи йўқ.

Ақоид китобларида иймон ҳақида, куфр ва унинг турли кўринишлари ҳақида, шунингдек, нифоқ ва унинг белгилари ҳақида баҳс юритилади. Тасаввуф китобларида эса иймонни амалий равишда ҳақийқатга айлантириш, куфрдан четланиш ва нифоқдан қутулиш йўллари батафсил баён қилинади.

Тасаввуф Қуръон ва Суннат ҳақийқатига етиб, унга бутун вужуд билан амал қилишни ўргатади. Тасаввуф таҳзиби ахлоқни – ахлоқни сайқаллашни ва тазкиятун-нафсни – нафсни поклашни йўлга қўяди.[2]

Буюк аллома Абул Қосим ал-Қушайрий ўзининг рисоласида шариат ва ҳақиқатни узвий муносабатини таъкидлаб шундай деганлар: “Ҳақиқат билан мустаҳкамланмаган шариат гайру мақбулдир, шариат чегерасидан чиққан ҳақиқат ғайру маҳсулдир (яъни самарасиздир)”.[3]

Абул Қосим ал-Қушайрий ўзининг рисоласини мурид, яъни сўфийларга васият қилиш билан якунлайди, охирги боб шунга бағишланади. Дарҳақиқат, муриднинг камолатида бу васиятлар муҳим аҳамият касб этади. Мазкур васиятларнинг баъзиларини, яъни, сулук йўлига киришдан илгари зарур бўлганларини санаб ўтишни мақсадга мувофиқ ва фойдадан холи бўлмас дея ҳисобладик:

  • Муриднинг сулукдаги энг дастлабки қадами содиқлик, яъни ростгуйлик бўлиши лозимдир. Машойихлар айтганидек, комилликдан маҳрум бўлиш аслий қоидаларга амал қилмасдан, уларни зое қилишдан бўлади.[4]

Абул Қосим ал-Қушайрий мазкур рисоласида ростгўй (содиқ) ва сохта (козиб) сўфийлар ҳақида шундай ёзади: Абу Абдурроҳман Ас-Сулламийдан эшитдим, у эса Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан, у Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Нусайрда, у Абу Алий ал – Варроқдан, у Абу Ҳамза ал-Бағдодийдан қуйидагиларни эшитганини ривоят қилади: “Бой бўлса ҳам, камтар бўлиш; азиз бўлса ҳам ўзини хокисор тутиш ҳамда машҳур бўлса ҳам ўзини яшириш – содиқ сўфийнинг аломатидир. Фақир бўлса ҳам, ўзини бой кўрсатиб, кибрли бўлиш; хор бўлса ҳам, ўзини азиз кўрсатиш ҳамда ўзида шуҳрат  бўлмаса ҳам, ўзини машҳур кўрсатиш – козиб сўфийнинг аломатидир”[5].

  • Кейинги ўринда эса, мурид ўз ақидасини тўғирлаши, Аллоҳ Таоло билан ўзининг ўртасини ислоҳ қилиши ва турли шак-шубҳалардан, адашув ва биъадтлардан ақийдасини поклаб, уни ҳужжат далиллар билан мустаҳкамлаши лозимдир. Муриднинг ўз йўналиши ва мазҳабидан бошқа фирқларга аралашиб юриши қабиҳ бир ҳолат ҳисобланади, бу уларниг жоҳиллигининг натижасидир.[6]
  • Мурид ўз ақидасини тўғирлаб, Аллоҳ Таоло билан ўзининг ўртасини ислоҳ қилгандан кейин ё даллиларни излаш йўли ёки тақлид йўли орқали шариат илмини пухта ўрганиши лозимдир.[7]

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи устози Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурида ўтирганларида Шайбон исмлик бир чўпон кириб келди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳига қараб: “Эй Абу Абдуллоҳ, бу киши илм йўлида нуқсонга йўл қўйиб, бепарво бўлгани учун унга танбеҳ бемоқчиман”, деди. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ундай қилма, у (бу илмга) қаноат қилмаган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи Шайбонга шундай савол берди: “Бир кеча ва кундузда беш вақт намоздан қай бирини адо қилганини эслай олмаган киши ҳақида нима дейсан? У нима қилиши керак (вожиб), эй Шайбон?” Шайбон: “Эй Аҳмад, бу қалб Аллоҳдан ғофил бўлиб қолибди. Уни шундай тарбия қилиш керак-ки, бундан сўнг ўз Хожасидан ғофил қолмасин”, дея жавоб берди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи бу жавобни ҳушидан кетди. Ҳушига келганидан кейин устози Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи унга: “Буни қўзғама, демаганмидим сенга”, дея танбеҳ берди.

Шайбон бу халқнинг омий бир чўпони эди, бу умматнинг чўпони шундай илм соҳиби бўлган бўлса, имомлари қандай илм соҳиби бўлган эканлар?![8]

  • Кейин эса мурид, бир устоз тутиб, одоб яъни, нафсни турли иллатлардан поклаш йўлларини ўрганиши лозимдир. Агар устоз тутмаса ҳаргиз муфаффақ бўла олмас. Абу Язид айтганларидек, кимнинг устози бўлмаса, унинг йўлбошчиси шайтондир.[9]
  • Юқоридагиларни барчасини бажаргандан кейин сулукка киришни ирода қилса, Аллоҳга юзланиб, ҳар бир хато ва нуқсонларига, гуноҳларининг каттаси-ю кичигига, яширин ва ошкорасига чин тавба қилиши лозим бўлади.[10]

Ҳақиқатда, бугунги жамиятимизда илм ҳосил қилишда жуда кенг тус олган муаммоларидан бири бу – илмни дуч келга кишидан ва дуч келган ижтимоий тармоқлардан олишдир. Илгари ҳақиқий илм ўрганмоқчи бўлган толиби илм, аввало бу соҳадан хабари бўлган кишилардан маслаҳат сўраб, ўзига лойиқ устозни ахтарган. Бурҳонуддин Зарнужий бежиз ўзининг “Таълимул мутаъаллим” китобида бу масалага алоҳида бир фасл ажратмаган.

Буюк алломаларимизнинг илм олишдаги саъй-ҳаракатлари, олинадиган илмнинг манбаига аҳамияти, устоз ва шогирдлари, ҳамда таълим бериш услублари биз учун ўрнак ва намунадир. Улар мужтаҳидлар даражасидаги илмга эга бўлишига қарамасдан, бир мазҳабга тайанишни афзал ва тўғри деб ҳисоблаганлар.

Масалан, буюк аллома Абул Қосим Аз-Замаҳшарий фиқҳий мазҳаблардан ҳанафий мазҳабини маҳкам ушлаган ва бу мазҳабни яхши кўриб: “Дин ҳанифликдир, илм эса ҳанафийликдан иборат”[11], “Аллоҳдан ва ҳисобидан қўрқадиган уламолардан Аллоҳ рози бўлсин, улар динни ҳанифликка жамладилар, илмни эса ҳанафийликка жамладилар”[12] деган[13].

 

“Имом Фахриддин ар-Розий”

 ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари И.Бабаназаров

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, Тошкент: “Шарқ”, 2010., 278б., 76-б.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, Тошкент: “Шарқ”, 2010., 278б., 70-б.

[3] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 282-б.

[4] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 769-б.

[5] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 586-б.

[6] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 769-б.

[7] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 772-б.

[8] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 770-б.

[9] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 773-б.

[10] Абул Қосим ал-Қушайрий “Рисолаи Қушайрия”, Байрут: “Дорул Минҳаж”, 2017., 991 б., 773-б.

[11] Навабиғул калим, 8-б.

[12] Навабиғул калим, 8-б.

[13] Д.Фозил Солиҳ Самроий. “Замахшарийнинг наҳвий ва луғавий қарашлари”., Бағдод.: “Матбаатул Иршод”, 1971й. 420 б., 14-б.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *