ТАВБА – ГУНОҲДАН ХАЛОС БЎЛИШ ЙЎЛИ

Инсон ҳаёти давомида билиб-билмай турли каттаю кичик хато камчиликларга йўл қўйиши, гуноҳ ишларга қўл уриши мумкин. Ана шу гуноҳ ҳамда хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир. Бундай пайтда хатокор инсон дарҳол ўзига келиб, биринчи навбатда Аллоҳни эсламоғи, ул зотга истиғфор айтмоғи лозим. Истиғфор – бу парвардигордан кечирим сўрашдир. Киши  дуо, тавба ва бошқа тоат-итоаткорлик ила «Астағфуруллох»  деб айтиши ёки шундай маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан  тасдиқлаши зарур.

Аллоҳнинг мағфиратига эришиш, хатолардан халос бўлишнинг яккаю ягона йўли  осийликдан  тавба қилиш ҳисобланади. Тавба – қилмишидан таъзир еб ёки пушаймон бўлиб, уни қайта такрорламаслик учун қилинган азму қарордир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло тавба қилгувчиларга  қарата шундай марҳамат қилади: «Илло қайсилари тавба қилиб, ҳатоларини тузатиб, (хақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи ва раҳмлидирман) «Бақара» сураси, (160- оят). Гуноҳкорнинг Аллоҳ таолога илтижо билан ёлвориб қилган тавбаси «тавбаи насуҳ», яъни «самимий тавба» дейилади.

Қуръони каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда аввал узр, кейин тавба қилишдан бошқа йўл йўк. Чунки гуноҳкор, хатокор банда тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Қуръони карим  талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан вакт ўтказилмасдан дарҳол бажарилиши даркор. Лекин  тавбанинг қабул бўлишига 3 та шарт бор:

биринчиси – хатокор киши гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиши ва надомат чекиши,

иккинчидан – гуноҳга асло  йўл кўймасликка азму қарор қилиши, учинчидан – гунохдан бутунлай узилиш, ёмонликлардан яхшиликка қайтишдир.

Қадимда ва ундан кейинги даврларда ўтган уламолар, фузалолар ҳам инсонга ножўя хатти- ҳаракатлари учун тавба-тазарру зарурлигини қайта-қайта уқтириб келишган. Одам гуноҳдан ҳазар қилиши, ақл – идрок билан инсоф доирасида ҳаёт кечириши лозимлиги ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда  бош мавзулардан бўлиб келган. Чунки тавба – қурум босган қалб  ҳужайраларини соғломлаштирадиган, уни барча иллатлардан омон сақлайдиган маънавий имкониятдир. Бу ҳақда улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ҳам: «Тавба – гуноҳкор банданинг кўнгил кўзгусини гуноҳ зангидан тозалайди, авф сайқали билан у кўзгунинг юзини ёритади. Тавба – инсонга хос саркашликдан воқиф бўлмоқ, кишини тўғри йўлдан оздирувчи нафс фасодидан ва кўнгил итоатсизлигидан нафратланмоқдир» деб ўзларининг жуда қимматли фикрларини баён этганлар.

Севимли Ватанга фахр-ифтихор туйғулари жўш урган айни шу йилларда Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимизда тинчлик – осойишталик ҳукм сурмоқда юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз тўқ,фаровон, бахтиёр турмуш кечирмоқда. Онда-сонда учраб турадиган диний экстремизм ғояларига, одам савдоси, гиёҳвандликка қарши, давлатга ва ўз халқига хиёнатни кўзловчи айрим нобакор кимсаларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шундай бир шароитда билиб-билмай жиноятга қўл урган баъзи кишиларимиз ўз гуноҳларини англаб тавба-тазарруга келишлари давлатимиз ва Президентимизнинг бағрикенглик  ҳамда кечиримлилик тамойиллари асосида инобатга олинмоқда. Уларга ҳар йили Конституция  байрами арафасида Амнистия акти қўлланилиб, гуноҳи авф этилмоқда. Ўз оиласи бағрига, соғлом турмушга қайтарилмокда.  Бу ҳам тавбанинг хосиятидандир.

Илоҳим, ёмон ниятли кишилар ўз қилмишлари  хато эканлигини чуқур англаб, тавбва-тазарруга келганлари рост бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни самимий тавба қилувчилардан айласин ва гуноҳларимизни мағфират этган бўлсин.

Б.Атаниязов

Боғот тумани “Ғоиб бобо” масжиди имом-хатиби  

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *