Тўй-хашамлар тўғрисида динимиз  нима дейди?

Динимизда одамларга хуш муомалада бўлиш ва уларга таом улашиш савоби улуғ ишлардандир. Ихлосли халқимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлардан бири никоҳ тўйидир. Никоҳ икки бегона, номаҳрамни бир-бирига ҳалол қилгани сабабли, уни эълон қилиш – жумҳур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда уни “тўй” деб аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят “Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳадиси” номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб: Бу нима?”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим”, дедилар. “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин”, – дедилар”

Демак, ким тўй қиладиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги холвайтарга ўхшаган таом) билан меҳмон қилдилар.

Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни, ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, ҳар хил сарполар, ҳар ҳил бидъат амаллар қўшдик. Ўғлини уйлантириш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз – енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилади. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ харажатлари енгил бўлганидир”. Никоҳнинг баракали бўлиши сабабларидан бири – никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир. Амр ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлари менга етиб келди: Икки иш ўртасидаги ишни (лозим тутинг). Ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бу ҳадисдаги “икки иш”дан мурод ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйишдир. Демак, тўйларимизни ўтказишда ҳам энг яхши йўл – исроф ҳам, бахиллик ҳам қилмасдан ўрта йўлни тутишдир.

Аслида, никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“…Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”. Бугунги кунда бу ояти каримани тушинишга жуда муҳтожмиз.

Кейинги пайтларда халқимиз орасида куёв томон келин томондан баъзи харажатларни  талаб қилиши кўпайиб қолди. Масалан, куёвга бошдан оёқ сарпо қилиш, мебел сотиб олиши каби. Хўш, мана шу харажатлар ҳақида шариатимиз нима дейди, келин ҳақиқатан ҳам юқоридаги харажатларни қилишга мажбурми ёки ихтиёрлими?

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар қилсак, у зот ва саҳобийлар тўй ҳаражатларини ўз зиммаларига олганлар ва маҳр берганлар, лекин келиндан ёки келин томондан ҳеч нарса тамагирлик қилмаганлар. Куёв томон талабгор бўлгани, совчи қўйгани учун, маҳр бериш, тўй қилиш – унинг зиммасида бўлади, албатта. Демак, келин томондан тўй ва бошқа харажатларни талаб қилиш мумкин эмас. Бу шариатимиз кўрсатмаларидан, мардлик ва олижаноблик доирасидан  чиқиш бўлади.

 

 Р. Отажонов

Янгиариқ туман бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *