Диний маърифий сохада олиб борилаётган ислохотлар

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда Фармонда қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифаларни қайд этиш лозим.

Яқинда АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр ҳамда Институт директори Сванте Корнелл томонидан «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» номли мақола эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилган. Муаллифлар Ўзбекистондаги бу янгиланишлар мамлакат Президентининг шахсий ташаббуси асосида  амалга оширилаётганини алоҳида қайд этганлар.

Тадқиқотчилар Ўзбекистон Раҳбариятининг диний соҳадаги сиёсатига юқори баҳо берадилар. Жумладан, мақолада жиноий фаолияти учун жавобгарликка тортилган, қилган ишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган 16 мингдан ортиқ фуқароларнинг «махсус ҳисоб»дан чиқарилиши, хорижда юрган шу тоифадаги шахсларни мамлакатга қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилган.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Унинг даврида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши бунинг яққол далили бўла олади дейди экспертлар.

Хуллас,  Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқадиган турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Яратгандан умид қилган сўраймизки, бугунги ёшларимиз яратилаётган имкониятлардан  унумли фойдаланишади, илм ва тажрибаларини кишилар диёнати,  Ватан равнақи, Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлайдилар ва келажакда аждодларига муносиб ворислар бўлиб етишадилар.

Урганч шаҳар “Кўзли ота”

масжиди имом-ноиби

Б.Сирожов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *