ШАФҚАТСИЗЛИК МЎМИНЛИККА ХОС АМАЛ ЭМАСДИР

Муқаддас динимиз аҳкомларида шафқатсизлик қаттиқ қораланади. Қуръони каримда Аллоҳ таъоло:

“Шунингдек, ўзларингизни (бир бирларингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир”, (Нисо,29) деб марҳамат қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам муборак ҳадисларида: “Ким раҳм қилса раҳм қилинади”-деб айтганлар. Яъни ким инсонларга раҳм қилса Аллоҳ таоло унга раҳм қилади демоқдалар.

Бугунги кунда шундай тоифалар борки, ўзларини мусулмонлармиз дея даъво қиладилар-у, динимизнинг асл манбааларини бузуб кўрсатишга уринадилар. Бундай оқимлар ўзларини қайси ном билан атасалар ҳам, қилаётган ишлари динимиз кўрсатмаларига умуман зиддир.

Пайғамармиз алайҳиссалом мўъминга зулм, зўровонлик ва шафқатсизлик қилиш уёқда турсин, бошқа дин вакилларига ҳам зулм ва шафқатсизлик қилишдан қайтарганлар. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса, ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса, ёки ундан ўз розилигисиз бирор нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, — дедилар. Имом “Абу Довуд” ривоят қилган. Жобир (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Зулмдан қўрқинглар, чунки зулм қиёмат кунида зулматдир” дедилар (Имом Муслим).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақатгина инсон зотига эмас, балки наботот ва ҳайвонот оламига ҳам меҳрибонлик билан муомила қилишга буюрадилар ва уларга зулм ва бешафқатлик қилишдан қайтарадилар.

Пайғамбармиз алайҳиссалом ҳадисларида: Бани исроилда бир аёл, бир мушукни қамаб қўйиб очликдан ўлишига сабаб бўлганлиги учун дўззах аҳлидан бўлди дедилар. Динимизда аёллар ва болалар алоҳида эҳтиром ва эътиборга лойиқ шахслар хисобланади. Уларнинг тарбияси билан алоҳида шуғулланиш билан бирга, уларни ардоқлаш ва қадрлашга амр қилинади. Ҳатто Қуроъни каримда “Аёлларингиз билан маъруф билан муомила қилинг” деб буюрилган.

Лекин бузғунчи ва фитначи оқимлар, аёллар ва болаларни хорлашади. Аёллардан фақат шахватни қондириш воситаси сифатида қарашади. Ҳали балоғатга етмаган болалардан жангарилар тайёрлаш учун қўлларига қурол беришади ёки бир-бирларини шафқатсизларча калтаклашга ўргатишади. Болалардан тирик бомба сифатида фойдаланишларини эса, на бир дин ва на бир эътиқод оқламайди. Яна булар ўзларини “Динни асл холига қайтарувчилармиз” деб аташади. Аслида улар асл динни бузғучилар ва улар сабабли мусулмонлар ҳам, бошқалар ҳам жабр чекаётир. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳ наздида (бутун)дунёнинг хароб этилишидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

Хулоса шуки, шафқатсизлик асло мўминликдан эмас. Юртимизнинг обод бўлиши ва бунданда гуллаб яшнаши учун, бугун биз манашундай шафқатсиз жиноий тўдалар оқимларидан, ёшларимизни ва бутун халқимизни огоҳлантирайлик. Токи ислом дини ҳаммамиз учун эзгулик ва меҳр шафқат дини эканини ҳамма билсин.

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *