Ёш авлод тарбиясида Маҳмуд Замахшарий асарларининг тутган ўрни

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Абул Қосим Замахшарий ана шундай улуғ сиймолардан биридир.

Аз-Замахшарий ҳаёти билан чуқур танишар эканмиз, унинг илм талабида қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганлигини ҳам кўрамиз. Дарҳақиқат у Хуросон, Шом, Ироқ, ҳижозда бўлганлиги ёзма манбаларда қайд этилган. Мана шу юртларда бўлганида аз-Замахшарий ўша даврнинг кўп машҳур олимларидан сабоқ олди, улар билан илмий, ижодий мунозараларда иштирок қилди, дўстона самарали ҳамкорлик ипларини боғлади.[1]

Замахшарий турли шаҳарларга бориб илм излаган ва тарқатган, шу даврда мазкур шаҳарларнинг вакиллари ўз навбатида ундан сабоқ олиб, унинг шогирди бўлиш шарафига муяссар бўлганлар.

Замахшарий тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат ва фасоҳат, бадиъ ва баён, руҳий тарбия ва ахлоқ, адабиёт ва шеъриятга оид 80 дан зиёд асарни ўзидан кейинги авлодларга мерос қилиб қолдирди.

Руҳий тарбий ва ахлоқга оид асраларидан: “Ан-насоиҳ ал-кибар” (катталарга насиҳатлар), “Ан-насоиҳ ас-сиғор” (Кичикларга насиҳатлар), “Ар-рисала  ан-насиҳа”( Насиҳат рисоласи), “Навабиғул калим” (“Калималарнинг фасоҳати”) ва бошқа асарларини мисол қилишимиз мумкин.

Руҳий тарбий ва ахлоқга оид асарларидан яна бири бу “Атвоқ уз-заҳаб фил-мавоиъз вал-хутаб” (“Ўгит ва насиҳатларнинг олтин шодалари”) асаридир. Замахшарий бу асарини Каъбатуллоҳда ёзган, ҳар бир тавофдан кейин бир мақола ёзган, кейин яна тавоф қилиб бўлгач кейинги мақолаларни ёзиб, шу тариқа мақолалар сонини юзга тўлдирган. Замахшарийнинг “Атвоқ уз-заҳаб фил-мавоиъз вал-хутаб” асари “Кашшоф” тафсиридан бироз илгари ёзилганлиги муаллиф мазкур тафсирида “Атвоқ уз-заҳаб фил-мавоиъз вал-хутаб” асаридан 80-чи мақоласини иқтибос келтириб, бу асарини “Насоиҳус сиғор” (Кичикларга насиҳат) деб номлайди, ўзининг “Мақомот” асарини эса “Насоиҳул кибор” (Катталарга насиҳат) деб номлайди.

Мазкур мақоламизда буюк аллома юртдошимиз Маҳмуд  Замахшарийнинг “Атвоқ уз-заҳаб фил-мавоиъз вал-хутаб” асаридаги  баъзи олтин насиҳатларига тўхталамиз.

Гўзал хулқли бўл: Мурувват бир сифатки, Аллоҳнинг розилигига лойиқ. Саховат бир табиатки, у ҳақда қанча гапирилса, шунча муносиб. Пасткашлик каби ёмонликка лойиқроқ  сифатни кўрмадим. Фақат саховат аҳлигина биродарликни мустаҳкамлайди. Улар билан хаста диллар тузалади, синган суяклар ямалади. Неъматлар узоқлашганда улар шабада бўлиб неъматларни сен томон ҳайдайди, чорлайди. Азобу уқубатлар тўп-тўп бўлиб ёпирилганда, уларни сендан узоққа қувади, ҳайдайди.[2]

Ёшликни ғанимат бил: Токи ҳаёт экансан, тақво эгаси бўлишган интил. Фақат тақво эгасигина ҳақиқий саодатманд бўлур. Тақвоси йуқ киши ҳақиқий бадбахтдир. Токи тирик экансан, соч-соқолинг оқармасидан олдин, белларинг букчайиб, териларинг тиришиб, қолишидан бурун, хотиранг заифлашиб, миянг лойқаланишидан илгари, қаддингни тиклолмасдан, қадамларинг оғирлашиб, оёқда туришга ярамай, бўғимлар қақшаб, аъзои баданинг титроқ эгаллаб олишидан аввал тақволи бўлишга тириш. Токи тирик экансан, ҳозир қодир бўлган ишингни эплолмай қолишингдан олдин, ҳозир бошчи бўлаётган ишингга бошчи бўлолмай қолишингдан илгари тақволи бўлишга шошил.[3]

Юқоридаги насиҳатларга эътибор қаратсак, булар хулқ ва одобнинг жавҳари эканлигини пайқаш қийин эмас. Биз бу мақоламизда иккита  мақолани келтирдик халос. Мазкур асар зуҳд ва чиройли ахлоққа, ёмонликларни тарк этиш ва яхшиликка буюрувчи олтин насиҳат ва иршоддан иборат юзта мақолалар тўпламини ташкил этади. Замахшарийнинг бу ва шу каби асарларини ўрганиб оммага тақдим этиш ёшларимизни чиройли тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хоразм вилояти вакили

Х.Абдуллаев

[1] “Ирфон” тақвимининг 2010 йил, 4-сон.

[2] Замахшар тасбеҳи ёхуд 101 манзума (“Атвоқу-з-заҳаб” асари асосида)/ Фозил Зоҳид. Таржима муаллифи Р.Зоҳид. – Т.: Муҳаррир нашриёти, 2011 йил. 39-40 бетлар.

[3] Замахшар тасбеҳи ёхуд 101 манзума (“Атвоқу-з-заҳаб” асари асосида)/ Фозил Зоҳид. Таржима муаллифи Р.Зоҳид. – Т.: Муҳаррир нашриёти, 2011 йил. 39-40 бетлар.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *