ТИНЧЛИК УЧУН ШУКРОНАЛИК

Тинч-осуда ҳаёт кечириш инсониятнинг азалий орзуси. Аммо воқелик у кўплаб мамлакатлар учун ҳамон орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, бугунги кунда ўзаро тенглик, ҳамжиҳатлик ва адолат ғоялари ижтимоий тафаккурда устувор мавқега эга бўлиб бораётганини, тинчлик- энг асосий умуминсоний қадрият сифатида тан олинаётганини эътироф этиш лозим.

Бугунги кунда турли зиддиятлар чиқариш ва шу йўл билан ўз ғайр мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни  сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо  кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан курашни талаб этади.

Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан Қуръони каримда: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик ва фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83), -деб қайд этилгани фикримизнинг исботи бўла олади. Аслида бу оят ношукрлик ҳамда унинг оқибати, умидсизлик ҳақида бўлса-да, унинг мазмунидан улуғ неъмат бўлган эл-юрт тинчлиги, халқ хотиржамлигини қадрлаш, асраб-авайлаш, унга путур етказишдан сақланиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқаришимиз мумкин.

Юқоридаги каби илоҳий кўрсатмалар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик худкушликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга ундайди.

Ваисов Тожибой

Урганч тумани Қамбар бобо масжиди имом-хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *