ПАЙҒАМБАРЛАРДАН МЕРОС АМАЛ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади:«Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир». (Рум сураси, 21-оят)

Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этади. Инсон никоҳ туфайли ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақлайди. Никоҳ маданият, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз наслу насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганлигини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди. Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан ўғил-қиз, навера-чеваралар пайдо бўлиб, бир-бирлари билан муқаддас бир робита, яъни улуғ бир боғлиқлик пайдо бўлади. Бу никоҳланиш амали отамиз Одам а.с. ва онамиз Момо Ҳавводан қолган мерос. Расули акрам с.а.в. ўзларининг ҳадиси муборакларида дейдилар:“Тўрт нарса пайғамбарлар суннатидан: ҳаё, хушбўйланиш, мисвок ва уйланиш”.

Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадиси шарифларида ҳам жуда кўп мароталаб никоҳга кучли тарғиб қилинган:“Никоҳ -бу менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг суннатидир. Кимики ундан юз ўзирса, у мендан эмас”.

Яна бошқа ҳадиси шарифда:«Ким аёлни иззати учун никоҳлаб олса, Аллоҳ унга хорликдан бошқасини зиёда қилмайди, ким уни моли учун никоҳлаб олса, Аллоҳ унга фақирликдан бошқасини зиёда қилмайди, ким аёлини чиройи учун никоҳлаб олса, Аллоҳ унга хунукликдан бошқасини зиёда қилмайди. Аммо кимки аёлни кўзини ҳаромга қарашдан тўсиш ва фаржини (ҳаром ишдан) сақлаш ва силаи раҳм қилиш (фарзанд кўриш) учун никоҳлаб олса, Аллоҳ унга аёлни ва у (аёл)га эрни барака қилиб беради».

Ибн Аббос: «Инсоннинг ибодати фақат уйланганидан сўнг мукаммал бўлиб, охирига етади», деганлар. Шу боис, у балоғатга етган, етук хизматкорларини кўрган заҳоти: «Уйланишни орзу этсангиз уйлантирай», дерканлар.

Ривоят этишларича, ўта тақводор, аммо бу ҳаётдан уйланмай ўтган Бишр ибн Харс дунёдан ўтгач бир олимнинг тушига кириб шундай деган экан: «Жаннатда обрў-эътиборим қанча юксалса-да, уйланганлар даражасига етолмадим. Фоний дунёда даражаси гўёки мендан анча қуйида бўлган Абу Наср-ал Ҳилол ҳам жаннатда мендан етмиш маротаба юқори даражага эришди. Чунки у оила қуриб, уни тўғри бошқарган, ибодат қилиб, сабр-тоқатли бўлган эди».

Аллоҳ таоло хонадонларимизни файз-баракали қилсин, бахтли оилавий ҳаёт кечиришни насиб айласин.

Мухаммадсодик Мухаммадсаид

Урганч тумани Эшон бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *