ИМОМЛИК МАЪСУЛЯТИ

Имом – пешво, одамлардан олдинда турувчи шахсларга нисбатан ишлатиладиган атама экан. Шариатда эса, мусулмонларнинг олдига ўтиб намоз ўқиб берадиган кишини имом дейилади. Имом шундай одам бўлиши керакки, аввало у ҳам ухровий, ҳам дунёвий илмларга эга бўлиши, ҳамда ўша билган илмига амал қиладиган, ватанига садоқатли, халқига оқибатли ҳамда ўзи имом булиб турган масжиднинг ободлиги ва озодалигига масъул шахс эканлигини доимо ёдида сақлайдиган, зийрак ва зукко шахс бўлиши керак.

Зеро, “Фурқон” сурасининг 74-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади. “Ўлар эй роббимиз ўзинг бизга жуфту ҳалолларимиздан ва зурриёдларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт. Ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт дейдиганлардир”.

Ушбу ояти кариманинг охирида “ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт” деб, дуо қилинаяпти. Бу дуо ояти кунлик қиладиган дуомиз. Бу дуони Раҳмоннинг севикли бандалари қилар экан. Барчамиз Раҳмоннинг севикли бандалари бўлишни ва биз имом булиб турган қавмни ҳам тақводорлардан бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қиламиз. Бир куни пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё расулаллоҳ мен нима қилай” дебди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имом бўл” дебдилар. У киши: “Бўлолмасамчи” дебди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ундай бўлса муаззин бўл” дебдилар. У киши: “Бўлолмасамчи” дебди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биринчи сафда бўл” дебдилар.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан шуни тушунамизки, имом бўлиш шарафли ва савобли иш экан. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ўта масъулиятли иш ҳамдир. Юқорида имом ҳам ухровий ҳам дунёвий илмлари булиши керак дедик. Чунки, илм бу дунёда инсонни иззатли, охиратда шарафли бўлишига сабабчи эканлиги ҳақида хабарларда келади.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратлари “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон булмагай” деб марҳамат қилганлар. Ҳазрати Али (р.а.): “Ким ўзини имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин” деган эканлар. Зеро, ўзига таълим берувчи инсон бошқаларга таълим берувчи инсонлардан афзал экан.

Дарҳақиқат, инсон ўзи билмаган, қилмаган нарсасини бошқаларга айтиши, тушунтириб бериши оғир масала. Аллоҳ таоло “Соф” сурасини 2-оятида “Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз” дейди. Давомидаги оятда эса, шундай қилишлик Аллоҳ наздида ёмон кўрилган иш эканлиги айтилади. Демак, инсон ўзи билмаган нарсасини айтишлиги хусусан, имомлар бу масалада жуда эҳтиёт бўлишлари лозим экан. Ҳазрати Молик (р.а.)дан бу ҳақда жуда таъсирли ўрганишимиз лозим бўлган бир ривоят қилинади.

Бир киши Имом Молик (р.а.)нинг олдиларига келиб бир масаланинг ечимини сўрайдилар. Шунда Имом Молик (р.а.) “Билмайман” деб, жавоб берибдилар ҳалиги киши ҳазрати имомга ахир мен олти ойлик йўлдан келганман юртимда қавмим менинг жавобимни кутяпти дебдилар. Шунда ҳазрати Имом Молик (р.а.) юртингиздаги қавмингизга бориб Имом Молик билмайман деб айтди денг, деган эканлар. Холисона ўйлаб кўрайлик, билмаган нарсани ўзича айтса нима бўлади. Кишилар нотуғри йўлга кетиб ихтилофлар чиқиши мумкин-ку ахир.

Шунинг учун бир нарсани айтишдан олдин шу нарсани далиллар билан билиб айтиш лозим экан. Имомлар ҳар томонлама илмли бўлсин дедик, бу хусусда республикамизда жуда катта ишлар қилинаяпти. Хусусан юртбошимиз ташаббуслари билан 2008 йил Имом Бухорий халқаро марказининг очилиши ушбу марказда республикамизнинг барча вилоятларидан келган имомларнинг ҳам ухровий, ҳам дунёвий билимларини ошириб келмоқда. Имомларга барча шароитлар яратилган.

Республикамизнинг кўзга кўринган доктор, профессор, доцентлари келиб маърузалар қилишаяпти. Республикамиз имомлари учун бу имкониятлар Аллоҳ томонидан улуғ бир неъмат. Бу неъматнинг қадрига етиб шукрини адо этиши ҳар бир имомга лозим булади. Аллоҳнинг ваъдаси бор имомлар яхши биладилар. “шукур қилсаларинг зиёда қиламан” деган. Демак, биз имомлар нима қилишимиз керак? Ҳар биримиз ҳудудларимиздаги ўзимиз ишлаб турган масжиднинг ободлиги тоза покизалигига бош бўлиб одамларнинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслигига астойдил ҳаракат қилиб доимо тушунтириш ишларини қилиб туришимиз керак.

Одамларни юртга садоқат руҳида тарбияласак, юртимиз бунданда равнақ топиб обод бўлиб бораверади. Бугунги глобаллашув даврида биз имомларнинг роли катта. Турли бузғунчи оқимларнинг ғаразли ниятларини нафақат масжидимизда балки, мактаб, коллеж, лецийларда ҳам мунтазам тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Иншааллоҳ, шундай қилсак вазифаларимизни бир оз бўлсада бажариб халқимиз ва ватанимиз олдидаги бурчимизни бироз бажарган бўлсак неажаб. Барча имомларимизни қилаётган хайрли ишларига Аллоҳ ўзи мададкор булсин. Юртимиз тинч ва обод бўлаверсин.

                                                                                                                         Р.Эрназаров

         Богот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *