Ҳашар – элга ярашар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, жорий йил 14-15 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт“ умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллигида ҳам ҳашар ўтказилмоқда. Барча вакиллик ҳодимлари ҳашарда фаол қатнашмоқдалар.

Хоразм вилоятидаги барча масжидларда ҳам умумхалқ ҳашари кўтаринки руҳда давом этмоқда. Масжидларимиз имом ҳатиблари, имом-ноиблари, ҳодимлари ва намозҳонлар умухалқ ҳашарида фаол иштирок этиб барчага намуна бўлишмоқда. Ҳашарда нафақат масжидларимиз, балки масжидларимиз жойлашган маҳалла атрофидаги  кўчалар, ариқлар ва бошқа иншоотлар ҳам тозаланмоқда.

Cаъд ибн Абу Ваккос розияллоху анхудан ривоят килинади:«Пайгамбар соллаллоху алайхи васаллам: «Аллох покдир, покликни яхши кўрадир. Озодадир озодаликни яхши кўрадир. Карамлидир карамни яхши кўрадир. Сахийдир сахийликни яхши кўрадир. Бас, ховли жойларингизни озода килинг. Яхудийларга ўхшаманг», — дедилар». Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят килишган.

 Яна бир ҳадиси шарифда “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди” (Аҳмад ривояти).

Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Демак, кўчат экиш ҳашарлар уюштириб озодалик ва фаровонликка ҳисса қўшиш савобли амаллардан бўлиб, киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлади. Шу муносабат билан, барчамиз мана шундай  эзгу ишдан четда қолмасдан, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик!

У.Маликов

ЎМИ Хоразм вилоят вакиллиги муҳтасиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *