БЕМОРЛАРИНГИЗНИ САДАҚА БЕРИШ БИЛАН ДАВОЛАНГЛАР (хадиси шарифдан)

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилиб «Мунофиқуун» сурасида айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» (10-оят).
Икримадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага: «Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар». Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради. Бас, билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳтожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади.
Жорий йилнинг 20 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Хоразм вилояти вакиллиги томонидан бир бош қорамол ва 16 та жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилинди.


Имом-хатиблар ва имом ноиблари томонидан “Нажот сўраш” намозини адо этилиб, ибодатлардан сўнг “Солатун ножия”, “Солатун нория”, “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил” каби дуолар, илтижолар қилинди.
Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари томонидан Қуръони карим 15 марта, шунингдек Гурлан тумани “Усмон Саид бобо” масжиди томонидан 25 марта жами 40 марта хатм қилинди.
ЎМИ Хоразм вилояти вакили бошчилигида Урганч шахридаги “Охун бобо” масжидида қилинган саловат, тиловат, зикр ва эхсонлар сабабли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло юртимизни шу жумладан, жумла жахонни ушбу вируснинг зараридан сақлашини ҳамда ушбу вируснинг бартараф бўлишлигини сўраб дуолар қилиниб, тинч ва осойишта якунланди.
Хатм Қуръон, солавот ва зикрлар ўқиб тугатилгач ҳамда хайру эҳсонлар тарқатилгандан кейин ЎМИ Хоразм вилояти вакили бошчилигида вилоятдаги уламолар иштирокида хатми Қуръонлар, салавотлар ижобатини сўраб, якуний дуолар қилинди.


Шу балан биргаликда воҳамиз аҳолисидан ихлосли фуқаролар томонидан ҳам оила даврасида, фарзанду аржумандлар бирла зикр, истиғфор ва балони даф бўлиши учун дуою тазаррулар қилинди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар». Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. «Садақа – радди бало» деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан.
Аллоҳ таолодан ушбу синовлардан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин!

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *