ҚАДРИ БАЛАНД -ТИНЧЛИК НЕЪМАТИ

Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат тинчлик-осойишталикни буюради. Тинчлик ва хотиржамлик – инсоният бугун бошидан мураккаб ўзаро зиддиятларни кечираётган бир пайтда сув ва ҳаводек зарурдир. Унинг қадрига етиб, фарзандларимизни ҳам Яратган берган бу тенгсиз неъматларни қадрлашлари ва асраб авайлашлари, ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчимиз эканлигини тушунтирмоғимиз керак.  Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…! (Бақара сураси, 208-оят).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлар, кишини дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар, бўлиб турган турли воқеа ва ҳодислардан бугун ғафлатда қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсонни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир.

Истиқлол бизга катта эркинликлар берди, юзлаб масжидлар очилди. Алломалар номи тикланди ва ибодат учун эмин-эркин шароитлар яратилди. Юртбошимиз Ш.Мирзиёев олиб бораётган – халқ маънавияти, иктисодиёти, ёшлар камолоти, келажак борасидаги, шунингдек, дин сохасидаги сиёсатини бутун дунё тан олаётир. Оддий мисол иқтисодий инқироздан чиқиш ва мамлакат турмуш тарзини енгиллаш бўйича дастурини бутун дунё ўрганиб эътироф этмоқда. Тез ўзгариб бораётган шиддатли замонда – ахборот асрида бефарқ ва бепарво бўлмасдан, аксинча, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик билан яшаш, жаҳоннинг турли ҳудудларида қайта бош кўтараётган хавфли балою офатларга нисбатан бефарқ бўлмасдан балки ҳар биримиз огоҳ ва сергак бўлишимиз шарт.

Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

   Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни  ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Дархақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш харакатида бўлади. Бас, шундай экан тинчлик учун барчамиз масъулмиз. Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Хамиша хушёр ва огоҳ бўлайлик.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *