ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШМАЙЛИК

Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор берилмокда. Айниқса, маънавий мероснинг туб моҳиятини акс эттирувчи диний — миллий қадриятларни қўлёзма манбалар асосида ўрганиш, уларни давр талабидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш, янгича илмий таҳлил қилишга катта аҳамият қаратилмоқда. Маданий меросимиз дурдоналарини излаб топиш, асраб- авайлаш, сақлаб қолиш ва илмий тадқиқ этиш бўйича истиқболли режалар тузилди, улуг алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳар томонлама, холис ўрганила боШланди.
Шу жиҳатдан 2003 йил ноябрь ойида улуг мутасаввиф олим, Хожагон тариқатининг асосчиси — Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг тўққиз юз йиллик ва 2004 йилда эса Нақшбандийа тариқатининг йирик вакили — Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор таваллудининг олти юз йиллик юбилейи мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланди. Бу аждодоларга бўлган чуқур эҳтиромнинг энг ёрқин намунасидир.
Қимматли асарлари билан нафақат ислом олами, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Аҳмад -Яссавий (1105-1166/67), Абдухолиқ Ғиждувоний (1103-1179), Нажмиддин Кубро (1145-1221), Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389), Хожа Муҳаммад Порсо (1345-1420), Ҳаким Термизий (820—932), Пахдавон Маҳмуд (XIV аср), Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490), Мир Алишер Навоий (1441-1501), Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбидий (ваф. 1542), Бобораҳим Машраб (1640—1711), Дукчи Эшон (ваф. 1898 й.) каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий- маърифий, ижтимоий- сиёсий қарашларининг асл моҳияти ва аҳамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам ниҳоятда муҳимдир.
Тасаввуф атамасининг этимологияси борасида бир неча қарашлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида мазкур атаманинг (жун)
сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Чунки сўфийлар танларини риёзатда чиниқтириш ҳамда дунёнинг моддий бойли^сларидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.
Мустақиллик йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга эътибор қаратилиши масжидлар, мадрасалар ва бошқа диний ташкилотлар билан бир

қаторда тариқат вакилларининг ҳам фаолиятига кескин туртки бўлди. Натижада ҳозирги пайтда ҳам Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Уларнинг асосий хусусиятларидан, доимий таҳоратда юриш, махси-калишда, чопон ва салла ўраб юриш тавсия этилади.
Уларнинг ҳатти-ҳаракатларида юртимизда қарийб ўн тўрт асрдан буён амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳаби аҳкомлари ва аҳли сунна эътиқодига бироз ўхшамаган ғояларни тарғиб қилиш холатлари кузатилмокда. Айни пайтда расмий имомлар тариқатчилар томонидан шариатнинг бузилишига боғлиқ айрим жиҳатларига эътироз билдирмоқдалар. Мисол тариқасида қуйидаги масалаларни келтириш мумкин:
-Мустаҳаб бўлган кечаси таҳажжуд намозини ўқишни фарз (ёки вожиб) қилиб олиш;
-шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам ўқиб олиш зарурлиги;
-пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилади, қазо бўлган (қолдирилган) намозни ўқимаса ҳам бўлаверади, деб эътиқод қилиш;
-биродарларидан бошқа кишининг тўй-маракаларига бормаслик;
-биродарларидан бошқа киши билан қучоқлашиб кўришмаслик;
-расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик.
Бундан ташқари айрим муридлар томонидан ҳам турли хил мутаассибона ҳатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани маълум.
Нақшбандия тариқатининг назариётчиларидан бири, айни пайтда юртимизда фаолият олиб бораётган деярли барча тариқатларнинг силсиласида номи зикр қилинган, XVI асрнинг иккинчи ярми XVII асрнинг бошларида Ҳинд диёрининг Сирҳинд шаҳрида яшаб ўтган Аҳмад Сирҳиндий ал-Форуқий ар-Раббоний (1564-1624)нинг “Мактубот” номли китобининг 29- мактуби айнан шу масалага бағишланади. Бу мактуб Шайх Низомиддин ат- Таҳонисрийга йўлланган бўлиб, “Фарзларни адо этиш, суннат ва одобга риоя қилиш, фарзлар турганда нафл амалларга ортиқча эътибор бермаслик, хуфтон намозини туннинг охирида ўқишдан қайтариш, таҳорат учун ишлатилган сувни ичишдан қайтариш ва муридларнинг ўз пирлари ёки бошқага сажда қилишларидан қайтариш”, — деб номланган. Кўриниб турибдики, Имом Раббоний ўзининг издошларидан чиқиши мумкин бўлган масалаларни аввалдан билганидек уларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб ўтадики, бугунги кунда бизларнинг диёримизда мавжуд бўлган тариқатчиларда айнан шу камчиликлар учрайди.

Мазкур мактубда Имом Раббоний: “Нафл амалларга фарз амалларнинг олдида ҳеч қандай қиймат йўқдир ва фарзлардан бирортасини ўз вақтида бажариш минг йил нафл амал билан машғул бўлишдан яхшидир”, — деб, ушбуни далил келтиради: “Ҳазрати Умар бир киши бомдод намозига чиқмай қолганида: “Фалончи қани?” — деб сўрадилар. Саҳобалар: “У кечаси ухламай намоз ўқиб чиққан, шунга бомдодга ухлаб қолган бўлса керак”, — деб жавоб беришди. Шунда Умар р.а.: “Бутун тунни ухлаб, бомдод намозини жамоат билан ўқигани яхши эди,” — дедилар”.
Тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Унинг ўзига хос санъати, мусиқаси, меъморчилиги, ва айниқса, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат ва ростгўйлик каби умуминсоний қадриятларини ўзида мужассам этган эди. Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни мансаб, мол-дунё орттириш, муридбозликка айлантириб олдилар. Муборак динимизнинг асл-мазмун моҳиятини бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб индамай қараб туриш ҳам инсофдан эмасдир.

У.Машарипов
Қўшкўпир тумани “Ҳазрати эшон бобо”масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *