МИЛОДИЙ IХ – Х  АСРЛАРДА МУСУЛМОН ДИЁРЛАРИДА КИТОБЛАР ВА КУТУБХОНАЛАРГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР

 Илм бор жойда китоб кўпаяди. Китоб бор жойда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмига бўлган  муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Худди шу ҳолат мусулмонлар хаётида ўз аксини топган. Милодий IX асрдан бошлаб, мусулмонларда ҳақиқий бойлик деганда китоб тушунилган. Бировга энг кимматбаҳо ҳадя қилишни хохлаган одам китоб олиб борган.

Бағдод халифаси халққа арзигулик бирор ҳадя қилиш ҳақида ўз вазирларига маслаҳат солганида, ҳаммалари бир овоздан яхши бир кутубхона ҳадя қилишга ишора этганлар.

Бу кутубхона мусулмонлар оммасига ҳадя этилгач, «Дорул  ҳикма» номини олган ва у кейинчалик дунёдаги биричи  фанлар академиясига айланган.

Мусулмон оламининг чор атрофдаги шаҳар-қишлоқларида ҳам кутубхоналар кенг тарқалган. Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларда китобхонлар учун зарур барча шароитлар муҳайё қилинган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нажаф шаҳрининг кутубхонаси ўша пайтда кичик кутубхоналардан ҳисобланган. Ўша кичкина кутубхонада қирқ  минг нусха китоб бўлган экан. Рай шаҳридаги кутубхонада мавжуд китоблар рўйхатининг ўзи ўн жилдли китоб бўлган экан.

Бунинг устига, масжид ва шифохонага ўхшаш ҳар битта муассасанинг ўз кутубхоналари бўлган. Носириддин Тусий ўз расадхонасига тўрт юз минг нусха китоб йиққан экан. Адолат юзасидан у вақтларда босмахоналар бўлмаганини, барча китоблар қўлда кўчирилганини айтиб ўтмоғимиз лозим. Фақат халифаларгина эмас, балки амирлар ва вазирлар ҳам кутубхоналарга катта эътибор берганлар. Ибн Синодан муолажа олган Бухоро амири Муҳаммад Мансур қасрининг кўп қисми китобларга ажратилган бўлиб, у Ибн Синога ҳохаган китобини олишга ижозат берган. Ушбу кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик: «Бу ерда кўпчилик одамлар ҳатто номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим», деб ёзган.

Милодий 963 санада вафот этган Муҳаллабий исмли вазир бир юз ўн саккиз минг жилд китобни мерос қолдирган экан.

Уша вақтнинг бошқа бир вазири Муҳаллабийнинг дўсти Ибн Аббоднинг кутубхонасида икки юз олти минг дона китоб бор эди, деб хабар беради. Муҳаллабийнинг қозиларидан бири эса бир миллион эллик минг дона китобга эга бўлган экан.

Бухоронинг амирининг бир табибни ўз ҳузурига чорлаганда, “Янги масканга кўчаётган эдим , китобларимни тўрт юз  туяга ортиб қўйгандим” деб узр сўраган экан.

Китобга бунчалик қизиқиш фақат ҳукумдор ва уламоларга  хос эмас, оддий мусулмонлар ҳам  китобни жон дилдан севганлар. Умри от чопиш ва урушларда ўтган чавандозлардан бири – Усома ибн Мунқиз салибчиларни  ваҳшийликларини васфлаб, қуйидагиларни айтган экан: “Болаларим, дўстларимнинг болалари ва аёлларимизнинг саломат қолгани бор будимни шилиб кетишганинг аламимни енгиллатади. Лекин китобларимнинг ҳасрати менга катта мусибат бўлди. Тўрт минг жилдгина китобим бор эди. Аммо энг яхши китоблар эди. Уларни йўқотишим мен учун умрим бўйи маҳзунлик келтирди” деган эди.

 Албатта, европалик салибчилар китобнинг қадрини қаердан билсинлар?! Ахир уларнинг ўзларининг тарихчилари эътироф қилишларича, мусулмон оламида китоб борасида юқорида зикр қилинган ишлар бўлиб турган бир пайтда бутун бошли Европанинг барча монастирларида ҳаммаси бўлиб ўн икки дона китоб бўлган экан. Улар йўқ бўлиб кетмасин, деган мақсадда занжирлар билан боғлаб қўйилган экан. Ана шундай жойдан келган босқинчилар китобнинг қадрини билармидилар?

Мусулмонларнинг илмга бўлган рағбатлари, китобга булган қизиқишлари иймон ва ихлос асосида бўлганлиги учун у тезда ўз самарасини берди. Улар турли илмларни тартибга солиб, бутун инсониятга тақдим этдилар. Улар ўқиган ва ёзган китоблари,  қилган ибодат ва зикрлари, Аллоҳга бўлган тақвоси то қиёматгача биз мусулмонларга ибрат ва намуна бўлиб қолади.

Мисол учун: Ибн Ҳазмнинг барча китоблари куяди. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёддан қайтарди. Имом Қатода бир туя китобни ёд олди. Имом Шаъбий: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, дегани ривоят қилинади.

Ҳиндистон диёрида яшаган Ашраф Али Таҳонавий қисқа умри давомида 1500 та китоб ёзади. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирган.

Имом Аъзам 500 000 масалага фатво берган. 55 маротаба ҳажга борган. Бир умр илм олиш ва бериш билан машғул бўлган. Бир неча минг маротаба Қуръонни хатм қилган.

Аҳмад ибн Ҳанбал илм олишга кўпроқ вақт қолсин дея, кунига бир ёнғоқ катталигида таом ер экан. У киши 750 000 ёки 1 000 000 ҳадисни ёддан билган.

Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15-20 бет асар битганлар.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида 16 ёшдан эндигина ошганди. Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри давомида амалга оширган ишлари бутун умрига таққосланса, 63 йилдан ҳам ортади. Имом Бухорий 300 000 ҳадисни ёд билган.

Форобий жуда ёшлигиданоқ тил ўрганиш билан шуғулланиб, умри давомида 70 дан кўп тилда мулоқот қила олган.

Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий ўзининг қисқа умри давомида 500 та китоб таълиф қилгани келтирилади.

Имом Табарий 86 йил (224-310) умр кўрган. Ёзиб қолдирган китоблари 358 минг варақни ташкил қилади. Алломанинг балоғатгача бўлган ёшини тахминан 14 йил деб белгилаб, 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда у зотнинг ёзганлари умрининг ҳар бир кунига 14 варақдан тўғри келади. 72 йил умрини 14 га кўпайтирсак, алломанинг тасниф қилган китоблари мажмуаси келиб чиқади.

Аллоҳ таолодон дуо қилиб сўраймизки бизнинг фарзандларимизданҳам китобга, илмга,  меҳр қўядиган ўз аждодлариги муносиб ворис бўлиб ўз илми билан бутун бир дунёни лол қолдирадиган фарзандлар чиқишлигини насиб қилсин.

А.Матяқубов

Урганч шахар “Кўзи ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.