ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ САДАҚАДАН АФЗАЛ

Қадим-қадимдан аждодларимиз  бола тарбиясига катта эътибор қаратишган, яъни вояга етмаганларни турли хил ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишининг ва боши берк кўчага кириб қолишининг олдини олишга доир барча чора-тадбирларни амалга оширишган. “… Ҳар қандай миллатнинг , ота-она бўлиш бахти насиб этган ҳар қандай  инсоннинг  энг мўътабар орзуси, астойдил интилган асосий мақсади-соғлом, барккмол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил инсонни вояга етказишдан иборат бўлиб келган”-деб таъкидлайди Президентимиз.

Ҳар қандай жамиятда оила биринчи ижтимоий негиз ҳисобланади. Бинобарин, жамиятдаги барча муносабатлар, қадриятлар ва анъаналар муайян даражада оилага бориб тақалади. Оила янги инсонни вояга етказадиган муқаддас қўрғон бўлгани учун жамиятдаги мaънавий-мафкуравий муҳитнинг соғломлигида муҳим ўрин тутади.

Эркин демократик жамият қуриш йўлидан бораётган Ўзбекистонда аёлнинг оила, жамият ва давлат қурилишидаги нуфузи, барча соҳадаги ҳақ-ҳуқуқлари қонунимиз орқали кафолатланади. Асосий қонунимиз Конситуцияда ҳам хотин-қизлар барча соҳада тенг ва эркин эканлиги эътироф этилади. Ҳукумат томонидан қаралаётган фармойиш ва қарорларда аёл, оила, фарзанд манфаати ҳамиша устувор бўлиб келмоқда. Жисмонан бақувват, руҳан соғлом, маънан баркамол бурч ва ҳуқуқларини яхши билган аёллар, тўғрироғи оналар келажаги буюк давлатнинг асосий пойдеворидир.

Биз биламизки, болалар бизга таклид қилиб ҳаётни ўрганади. Улар нигоҳ орқали мулоқотни ҳам шу тарзда ўзлаштиришади. Фарзандимизга меҳр билан боқсак, ўз навбатида, у ҳам шунга мос равишда жавоб қайтаради. Агар биз унга қаҳр билан қарайдиган бўлсак, ундан қайтадиган жавоб ҳам шунга яраша бўлади.

Ислом дини инсон манфаатларини ҳимоя қилар экан, жамиятнинг хар бир аъзосига бурч ва вазифаларни юклайди. Масаслан ота-она, эр-хотин ва болалар бурч ва вазифалари шулар жумласидандир. Болалар ҳуқуқи ислом динида алоҳида аҳамиятга эга. Буни унга яхши исм қўйиш, уқитиш, касб ҳунар ўргатиш, туғилганда ақиқа қилиш, ҳатна қилиш, катта бўлганда уйлантириб қўйиш мисолида кўриш мумкин. Ота-оналарга болаларни тарбия қилишда аввало ўзлари муҳим маънавий-маърифий билимга эга ҳамда уларга намуна бўлиши кераклиги уқтирилади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Киши фарзандининг тарбияси билан ҳар куни ярим соат шуғулланиши, садақа беришдан кўра яхшироқдир.”, “Ота боласига чиройли тарбиядан қимматлироқ нарса қолдиролмайди.”, “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилар учун маъсулдир.”–деганлар.

Кўриниб турибдики, ислом дини болаларга ёшлигидан катта бўлгунга қадар эътибор қилади. Болага гўдаклик ва болалик даврида урушмасдан, ёшига яраша муносабатда бўлиш ҳадисларда зикр этилган. Ҳадиси шарифда, “Кимнинг гўдак боласи бўлса у ҳам гўдак бўлсин ”, дейилган. Яъни, унга гўдакларча муомалада бўлсин. Яна “Олти ёшлигида таълимга ўргатинг, ўн ёшидан таълимга мажбурланг”, дейилган. Юқоридагиларга жавобан, юртимизда болаларнинг тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан нафақа тайин қилиш, турли хилдаги имтиёзлар бериш жорий қилинган.

Ислом динида болалар тарбиясига оид қуйидаги одоб ахлоқлар: ота-онага яхшилик қилиш, камтар, ҳалим, тўғри сўз, шижоатли бўлиш, шу билан бирга ватанпарварлик, жисмоний тарбия билан шуғулланиш каби тарбиявий аҳамиятга молик ҳуқуқлар ўргатиб борилади. Ислом динида одоб ахлоқ энг муҳим масалалардан бўлиб, инсонлар ўртасидаги муносабатнинг мезони сифатида белгиланган. Бу ўринда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мен чиройли ахлоқни етказиш учун жўнатилганман”, деган ҳадислари фикримиз исботидир. Бу ахлоқни етказиш мусулмон киши учун бурч ҳисобланади, ҳамда уни бошқаларга етказиш билан бир қаторда фарзандларга уқтириш буюрилган. Чунки қиёмат кунида сўраладиган омонат бу инсоннинг фарзандидир. Аллоҳ ундан ушбу омонатга қандай муносабатда бўлганлигини шу тарзда сўраб олади: Мен сенга ҳаётинг давомчиси бўлсин учун олий неъмат қилиб фарзанд ато этдим, уни қандай қолдирдинг? Ва нима ўргатдинг? Чунки фарзанд Аллоҳнинг буюк хикмати бўлмиш ер юзидаги ҳаётнинг давом этиши, юрт фаровонлиги давомчисидир.

Демак инсонга Аллоҳ дунё ҳаётини давом эттириш учун катта маъсулият юклаган, бу эса асосан фарзанд тарбиясида ўз аксини топади. Шунинг учун инсон фарзандини гўзал хулқли қилиб тарбиялаши талаб этилади.

Ф.Бабажанов

Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Иморат бобо”  масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.