МИЛЛАТЛАР ТОТУВЛИГИ ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Сир эмаски тинчликдек буюк неъмат бугунги кунда дунёнинг барча жойида ҳам топилавермайди. Эрталаб уйғонганида кечгача етиб боришига ишончи йўқ, ота-она ва қариндош уруғларидан кўпчилигини йўқотган, шаҳрида мингбир фитналар шамоли эсиб, бомбалар ёмғири ёғаётган, асосий дарди ширин жонини асрашгина бўлиб қолган, ёш бегуноҳ гўдакларнинг қонлари кўчаларни бўяган, ўлмаслик овқатини топиш амри махол бўлган, боришга жойи қолмаган инсонларнинг борлиги бизни ҳар доим ҳушёрлик сари ундаб, жаннатмакон юртимиздаги тинчликнинг қадрига етмоғимиз ва уни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз зарурлигини эслатиб туради. Пайғамбаримиз (с.а.в) Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда айтганидек, “Икки энг азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир.” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Ислом дини ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (бошқа дин вакиллари) га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри эди, Унинг расули умматга берган кўрсатма эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2-оят);

Ва яна:

 “Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!” (Оли-Имрон, 103-оят)

Пайғамбаримиз (с.а.в) бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар.

Бугунги кунда айрим мамалакатларда тарихдан сабоқ чиқармасдан ҳали хануз миллатчиликни давом этиши, фан техника тараққиёт этган бир даврда ҳам юз бериши ачинарли ҳолат бўлиб, бу нарса оғир оқибатларга олиб келмоқда. Айрим ҳолатларда эса миллатлар ўртасида жанжал чиқариш, уларни ўртасини бузиш ва шу орқали ташқаридан туриб давлатлар ривожини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Миллатчилик бир халқнинг ҳақ-хуқуқларини поймол бўлиб, унинг эркини йўқолишига олиб келади. Мустақил Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар битта миллатларнинг ҳақ-хуқуқлари кафолатланиб, барча миллатларнинг тенглиги конституция билан белгилаб қўйилди. Ҳар бир миллат вакиллари ўз миллий урф-одатлари, диниймаросимларини тўла-тўкис бажаришига имкон яратилди. Мамлакатимизда яшаётган миллатларнинг миллий марказлари фаолият юргизилиб, уларнинг ўзбек миллати билан баб-баробар тенг хуқуқли яшаб мехнат қилиш имконияти яратиб берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Шунингдек, конституциянинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгиланган. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўриниши бўлди десак муболаға бўлмайди.

         Бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Аҳолимизнинг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар. Албатта, қаерда тотувлик бўлса, ўша жойда, тинчлик ва осойишталик бўлади. Қайси жойда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлса ўша ерда тараққиёт, халқлар фаровон, авлодлар баркамол бўлади.

                                               М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *