АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ ҚАЛБИМИЗДА

Юртимизда мана бир неча йилдирки, 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса ватанлари учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимиз ҳаққига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Юртимиз учун  жонларини фидо қилган иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган  ота-боболаримиз, ватанимиз тинчлиги учун жонларини ҳам аяшмаган. Улардан соғ-саломат қайтганлари эса, мустақиллигимиз шарофати билан қадр қимматда ва эъзозда яшаб келишмоқда. Ҳаттоки урушдан қайтгач ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган ватандошларимиз борлигидан фахрлансак арзийди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога тўлиқ бандалик ва ибодат қилиш учун хотиржамлик керак, давлат равнақи учун ҳам тинчлик лозим. Ота-боболаримизнинг шаҳид бўлиб тўкилган қонлари эвазига бизлар ҳозир тинчлик ва осойишталикда умргузаронлик қилиб юрибмиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким молини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки динини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки жонини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса ёки ватанини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса, у шаҳиддир”, дедилар. 

Яна бир ҳадисда эса: “Ҳар бир ўлган кишининг амал дафтари ёпилади магар Аллоҳ йўлида Ватанини душманлардан ҳимоя қилиб шаҳид бўлганнинг савоби қиёматга қадар ёзилиб борилаверади ва қабр азобидан омонда бўлади”, дедилар.

 Жангоҳларда жон фидо этган ватандошларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажаришимиз, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг руҳларига бағишлашимиз ва қабрларини зиёрат қилишимиз, уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло бизларга ўтган аждодларимизнинг ҳақларига қандай қилиб дуо қилишимизни Қуръонда марҳамат қилиб ўргатади: “Улардан кейин келган (авлод)лар: “Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин” дерлар.

Динимиз тирикларни қанчалик даражада эъзозласа, ўтганларни ҳам шунчалик эъзозлайди. Худои таоло юқоридаги оятда бизларга ўтган аждодларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига мағфират тилашимизни хоҳлаяпти.

Ўтганларимиз учун савобли ишлардан бири, уларни зиёрат қилиб туриш, қабрлари атрофларини қуруқ хашаклардан, ҳар хил шоҳ-шабалардан тозалашимиз айни муддаодир. Аммо қабрларни дабдабали қилиб мармар тошларни териб, уларнинг устига тонналаб тошларни қўйиш шариатимиз томонидан қайтарилган ишдир. Белги учун бир тошга ёзиб қўйилса, суннатга мувофиқ бўлади. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларида марҳамат қилдилар: “Мўмин одамнинг қабрига шамолнинг эсмоғи ва ёмғирнинг ёғмоғи гуноҳига каффоратдир”.

Демак, яқинларимизнинг қабрларини тозалаб турсак, ҳам ўзимизнинг гуноҳларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларига каффорат бўлади. Ривоятда келишича: “Бир киши йўлда кетаётганди, кўзи тиконли бир шох-шабага тушди ва “Аллоҳга қасамки, агар шуни олмасам бирорта мусулмонга зарар бериди”, деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабабли гуноҳини мағфират қилди”.

Йўлда кетаётиб ахлатларни, инсонларга зарар берадиган нарсаларни ва одамлар кўзига ёмон кўринадиган шох-шабаларни йўлдан олиб ташлаш билан Худонинг розилигига эришиш мумкин эканми, энди ўз яқинларимизнинг қабрларига бориб уларнинг устидаги инсонларнинг кўзига хунук кўринадиган нарсаларни олиб ташлаганимизда қанчалик ажрларга эга бўлишимизни тасаввур қилиб кўрайлик. 

Келажакнинг пойдевори бобомерос қадриятлар ва бугунги осойишталик асосида қурилади.  Бир кун ҳазрати Абу Бакр р.а. минбарга чиқиб, хитоб қилдилар: “Эй инсонлар, мен Расулуллоҳ (с.а.в)нинг бундай деганларини эшитганман: “Ҳеч бир кишига мустаҳкам иймондан кейин офиятчалик, яъни тинчлик каби яхши нарса берилмаган. Аллоҳ таолодан мустаҳкам иймон ва тинчликни сўранглар”. 

    Бугун юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Чунки, тинчлик бу динимизнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Шундай экан Яратгандан бу неъматни бардавом қилишини сўраймиз!

Хайрулла Абдуллаев

Ўзбукистон Мусулмонлари идораси Хоразм вилоятидаги вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.