АҚИДАПАРАСТЛИК ВА ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ИСЛОМ  ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРАДИ

        Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантириб камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир.

Аммо, алоҳида таъкидлаш лозимки, Ислом дини ўз тарихи давомида кўплаб синовлар ва қарама-қаршиликка дуч келгани барчамизга маълум ва бу ўз исботини ҳозирда ҳам кўрсатиб келмоқда. Бу зиддият ва фитналарнинг баъзилари замирида шахсий мақсадлар ётса, баъзилари замирида эса сиёсий мақсадлар туради. Жумладан, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч бўлиши табиий ҳол бўлиб келган. Юқорида таъкидланган ҳар иккала мақсад соҳиблари ҳам ўз мақсадларини амалга ошириш учун айнан мана шу илмсизликдан ҳамда Ислом ақидаларидан устамонлик билан фойдаланганлар ва ҳозир ҳам амалда бу йўл қўлланилмоқда. Бу ўз навбатида Ислом дини замирида “ақидапарастлик” ғояларини келтириб чиқарган ва бу каби фосид ғояларни кенг тарқалишига замин яратиб берди. Аксар ҳолда унинг пайдо бўлиши сабаби бир инсоннинг ёки гуруҳнинг шахсий манфаатлари билан боғлиқ бўлади ва натижада соф бўлмаган, ғайри исломий ақидалар вужудга келади. Бундай эътиқод “ақидапарастлик”, соҳиби эса “ақидапараст” деб номланади. Ақидапарастликнинг келиб чиқишининг асосий сабабларидан яна бири мутаассиблик ва динда ғулувга кетишдир.

Ислом тарихи ўтмишида хорижийлар, муътазилийлар, рофизийлар, қадарийлар, жаҳмийлар каби дин душманлари Исломга зарар келтиришган бўлса, ҳозирги вақтда  ИШИД, мусулмон биродарлари, ҳизбут-таҳрир, ҳизбуллоҳ, адолат, салафийлар, таблиғчилар, нурчилар ва яна динни тарғиб қилиш ниқоби остидаги бир қанча экстремистик кайфиятдаги фирқалар мавжудки, уларнинг пайдо бўлишининг замирида дин ва халқ фаравонлигидан бошқа муайян бир мақсадлар ётади, яъни уларнинг асл мақсадлари экстремизм ғояларини илгари суриш ҳамда қонуний ҳукуматни ағдариб, ўрнига тоталитар тузумни вужудга келтириш, террористик амалиётлар орқали одамларни даҳшат ва қўрқувда ушлаб туриш эканлиги ҳозирги замон зиёлиси учун сир эмас. Бу оқимлар ўз мақсадларини амалга оширишдаги услубларидан бири экстремизм ва терроризм ғояларини илгари суриш. Қайд этилган гуруҳларнинг такфир, жиҳод, сиёсий хокимият, бошқа динлар вакилларига муносабат каби масалалардаги даъволари ислом таълимотига бутунлай зиддир. Масалан, Жиҳодчилар уларнинг наздида шариат амалларини тўла-тўкис бажармаган бошқа мусулмонларга нисбатан «қозиликни» даъво қилиб, «мунофиқ» ва «муртад» деб ҳукм чиқаришдан тап тортмайдилар. Ҳадисда «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади» дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа ушбу масалада қуйидаги қатъий хулосани берган: «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса». Оммон (Иордания) шаҳрида ислом дунёсининг етакчи уламолари томонидан «такфир» масаласида қабул қилинган фатвода «тўрт сунний мазҳаб ва шиа мазҳабидаги жаъфарий, зайдий, ибодий ва зоҳирий оқимига эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш мумкин эмас», деб эълон қилинган.

 Террор — зўравонликка олиб борувчи йўл бўлиб, ўтган аср бошларида турли экстремистик кайфиятдаги оқимларга хосланган иборадир. Бу сўз ўтган аср охирларидан бошлаб дин ниқоби остида фаолият юритаётган ноисломий сиёсий оқимларга ҳам қўлланила бошлади. Натижада, биз яшаётган асримизга келиб “ғарб исломшунос олимлари” томонидан “Ислом террори”, “Ислом фундаментализми”, “Ислом экстремизми”, жумладан “миссионерлик ҳаракатлари” каби атамалар пайдо бўлди. Албатта, буларнинг ҳар бири мутассиблик ва ақидапарастликнинг ёқимсиз мевасидир. Ислом дунёсининг етук уламолари «жиҳодчи» жамоаларнинг ботил ғояларини қоралаб келмоқда. Миср Араб Республикаси бош имоми, «Ал-Азҳар» мажмуаси шайхи Муҳаммад Сайид Тантовий «Терроризм ва диний экстремизм – инсонларнинг жони ва мулкига қасд қилишликдир», деган.

Миср уламолари ўз фатвосида «Ислом бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) видолашув ҳажи вақтида қилган маърузаларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишли. Исломда «мақсад воситани оқлайди» деган тамойил йўқ», деб таъкидлайдилар.

Бугунги кунда ақидамизнинг софлигини сақлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг фатво бўлими томонидан чиқарилган “Дин ниқоби остидаги динбузарлар”, “Пирга қўл беришдаги баъзи нотўғри ақидалар”, “Тинчлик-хотиржамликни сақлаш ва дунёнинг баъзи нуқталарида бўлаётган нотинчликларни тўғри англаб, унинг асл моҳиятини халққа етказишда имом-хатибларга тавсиялар ва уларнинг вазифалари” каби мавзулардаги фатволарда ақида масалаларига ёндашувлар таҳлил этилиб, бирдан-бир тўғри йўл аҳли сунна вал жамоа эътиқоди эканлиги таъкидланади. Айниқса, жума мавъизаси учун долзарб мавзуларда имом-хатибларга намунавий матнлар тайёрлаб, мамлакатимиздаги барча жомеъ масжидларга етказилаётгани диққатга сазовордир.

Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Бунинг учун эса мусулмон киши Қуръони каримда буюрилганидек, Аллоҳ таолонинг китоби ва расулининг суннатига сўзсиз эргашиб, Аллоҳ ва Расулига ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат этиши шарт. Агар ўзига лозим бўлган ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, унда ўзининг шаръий ва ақидавий масалаларини ишончли, олим кишилардан сўраб билмоғи ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлмоғи керак. Инсон ҳиссиётларининг энг нозик томони унинг эътиқоди ҳисобланади. Инсоннинг эътиқодига тажовуз қилиш оғир гуноҳлардан ҳисобланади.Шунинг учун Аллоҳ таоло фитна ҳақида ўзининг каломи шарифида “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”- деб, ўз бандаларини фитнадан эҳтиёт бўлишга буюради.

Ана шундай балои азимдан халқимизни, хоссатан мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, бизнинг Ислом дини билан чамбарчас боғланиб кетган маънавиятимиз ва милллий қадриятларимиз азал-азалдан инсонни комилликка етаклайдиган беқиёс неъмат бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.

 

 

И.Отажанов

Ҳазорасп тумани “Султон Ҳубби” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *