ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҲАЗАР

Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! (Нисо сураси, 29-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди.

Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:

яъни: “Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

яъни: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Ҳазрат Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган кимсалардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбармиз: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолган. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъий назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўлсин деса ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади. Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг ҳамма қилаётган касбимиз топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми? Нима учун дуолар қабул бўлмаётганини,  нима учун ишларимиз юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак. Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилиб касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозимдир. Шундагина икки дунё бахт саодатига эришамиз.

Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади. яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).

         Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).

Ривоят қилишларича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган йўллар билан молу давлат топиш бахтини насиб қилиб, ноҳақ ва ботил йўллар орқали келадиган моллардан барчамизни Ўз паноҳида асрасин!

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *