Ислом ДИНИ – ЕНГИЛЛИК ДИНИДИР!

Ислом динини Аллоҳ таоло одамларга машаққат туғдирмайдиган осон ва енгил қилиб нозил қилгандир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, унда қийинчилик йўқ эканлиги атрофлича ёритилган. “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди”, (Бақара сураси, 286-оят).

Динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқат ва қодирликларига қараб буюрилади. Масалан, рўза ибодатини олсак, бир киши хасталиги кучайиши ёки соғайишининг кечикишидан қўрқса, сафарда юрган киши рўза тутишга қийналса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бундай кишилар ўша вақтда рўза тутмасликларига ижозат берилган. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонлар умуман рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар. Динимизда мана шундай тарзда бандаларнинг имкониятларига қараб уларга шароит яратиб берилган.

Яна бошқа бир оятда эса: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, (Бақара сураси, 185-оят).

Яна бир оятда “Аллоҳ таоло динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, (Ҳаж сураси, 78-оят).

Яна бир мисол, таҳорат учун сув топа олмаган киши ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши каби енгиллик ва рухсатлар шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, (Бақара сураси, 143-оят).

Ислом уммати ҳақиқатда ўрта – мўътадил умматдир. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, бирор ноҳақ тарафга оғиб кетмайди. Ёки бошқасига ўхшаб фақат моддий нарсаларгагина суянмайди. Балки, инсон ўз табиатидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.

Ушбу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган; Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, динга мағлуб бўлади. Шундай экан динда тўғри бўлинглар ва яқинлашиб юринглар. Яхшилик билан суюнтиринг. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг бир қисмида (ибодат қилиб) фойдаланинг”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.

Янгиариқ туман Хазрати Ғоиб ота

Масжиди имом ноиби         Р. Рахимов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *