ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҚЎРҚАЙЛИК

          Дарҳақиқат, ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўл билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан ва ўзгаларни ҳақ-ҳуқуқларига ҳамда мол-мулкларига тажовуз қилмаслик шартдир.

    Ҳаётда ўзгаларнинг молига кўз олайтириб, уларга хиёнат қиладиган кимсалар қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб берадилар ва албатта ҳақлар Аллоҳ тарафидан ўз эгаларига олиб берилади. Дунёда қилган тажовузлари, хиёнатлари уларга аламли азобнинг келишига сабаб бўлади.

    Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади: «Ей имон келтирганлар, мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ йўллар билан еманглар. Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, бундан мустаснодир».

    Ҳаётда ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.

    Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ей саҳобаларим, сизлар муфлисни ҳеч вақоси йўқ, ночор инсон деб биласизларми?», дедилар. Саҳобалар: «Бизнинг наздимизда муфлис шундайки, бирор нарсаси йўқ, ҳатто, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир», дейишди. Шунда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки, қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан Аллоҳнинг ҳузурига келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида инсонларни сўкиб ҳақорат қилган, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини ҳаром йўллар билан еган ва бировнинг ҳаққига тажовуз қилган, бошқасининг қонини тўккан, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана ўша ҳақдориларига олиб берилади. Агар ҳақдорларнинг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса, уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади сўнгра дўзахга ҳукм қилинади», деб марҳамат қилдилар.

    Пайғамбар алайҳиссалом айтган ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларни алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир.

    Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳаққидан қаттиқ ҳазар қилишган, ўзганинг ҳаққини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан қутилишган.

    Мазҳаббошимиз Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳаққидан астойидил қочганлари тарихда маълум ва машҳурдир. Бу зот савдогарлик билан шуғулланиб юрганларида молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун савдогарчиликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдурроҳман билан шерикликни узганлар ва ўша молдан келган даромаднинг ҳаммасини садақа қилиб юборганлар. Ҳаттоки, шубҳа аралашган молдан ўзларини шу қадар эҳтиёт қилганлар.

Абу Дардо розияллоху анху бундай жавоб қилдилар:“Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан.

Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди”. Расулуллоҳ саллаллоху алайхи ва саллам Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар. Бу бир сахобаи икромнинг тарихларидан биргина мисол холос. Чунки ислом дини аввал бошиданоқ мусулмонман деган кишиларни ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан, уни нохақ ейишдан, унга путир етказишдан қайтарган. Бунга ўхшаш мисоллардан юзлабини келтиришимиз мумкин.

Лекин бизнинг асосий мақсадимиз мусулмон киши хеч қачон ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмаслиги, молига, жонига, оиласига, шаънига, обрўсига тажовуз қилмаслигини эслатиш ва бугун нохақ қон тўкилишига, кўплаб бегунох кимсаларнинг бевақт ўлимига, мурғак гўдакларнинг етим бўлишию, ожиза аёлларнинг бева бўлишига сабаб бўлаётган, ва ўзларининг бу қилмишларини дин ниқоби билан беркитиб, қилаётган ишлари ислом динининг буйруғи ва ўзларини мусулмон деяётган нобакор кимсаларни ислом динига ва мусулмончиликка асло тўғри келмаслигани кўпчиликка билдириб қўйиш холос. Зеро муқаддас динимиз ислом инсонларни ҳамиша эзгуликка, ўзгаларга наф келтирувчи хайрли ва савоб ишларга чорлаб, зумлдан қайтаргани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ барчаларимизни ҳақ йўлидан адаштирмасин.

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби                     

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *