ЯХШИЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ.

Инсонларни доимо яхши ишларга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини Инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.

Зотан, ҳар бир кунини, ҳаттоки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш — улкан саодат. Инсонларга яхшилик қилиш — уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг («Моида» сураси, 2-оят).

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир. Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир, Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади«, деганлар.

Мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишисининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу — мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир».

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Яқин Шарқ мамлакатларида бўлаётган нотинчликларни кўриб, мустақиллик ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъмат эканини янада чуқурроқ англаб етмоқдамиз.

Юртимизда Истиқлол қуёши порлаганидан сўнг халқимизнинг азалий орзулари рўёбга чиқди. Миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Айниқса, динимизга, фуқароларимизнинг эркин эътиқод қилишларига берилган эътибор ва эъзоз таҳсинга лойиқдир. Авваламбор, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида виждон эркинлиги алоҳида кўрсатилган бўлиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга, деб алоҳида бандлар билан белгилаб қўйилганлиги қувонарлидир.

Турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, не чора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди» Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Хулоса қилиб айтганда, тинчлик-осойишталик, халқ фаровонлиги учун ҳар бир киши қўлидан келганича хизмат қилмоғи лозим. Аввало, оилада ота-она ўзаро аҳил-иноқ бўлиб, фарзандларининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишса, унинг соф эътиқод билан ўсиб улғайишини таъминлашса, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, дўст-биродарлар ҳам ўзаро аҳил бўлса, ҳар бир киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўриб, яхши ишларда ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватласа мана шундагина уларнинг ўртасига ҳеч ким адоват сололмайди, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ватан равнақи йўлида хизмат қилинган бўлади.

Юртимизни ҳасадгўйларнинг ёмонлигидан Ўзи сақласин. Берган неъматларининг шукрини адо этишга тавфиқ берсин.

О.Рўзметов

Боғот тумани “Толли бобо”

масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *