ЁШЛАР ТАРБИЯСИДАГИ МУҲИМ ОМИЛЛАР

Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.

Ҳозирги замонда ёшлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.

Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.

Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони,
у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота—оналар миллатнинг маънавий дунёсиқашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва
бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсиригатушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодатэканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч вамасъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабдаберилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота—она ваустозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар биланўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Илмнинг шарафи ҳақида Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадсилари ҳам далолат қилади: Абу Воқид ал-Ҳорис ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга масжидда ўтирган эдилар. Шу пайт уч киши кириб келди. Иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб юрди, биттаси эса кетиб қолди. Шунда у иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларида туриб қолишди. Улардан бири даврада бўш жойни кўриб, ўша ерга ўтирди. Наригиси эса одамларнинг орқа томонига ўтирди. Учинчиси эса орқасига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлгач: “Сизларга бу уч киши ҳақида хабар берайми? Уларнинг бири Аллоҳдан бошпана сўраган эди, Аллоҳ унга бошпана берди. Наригиси ҳаё қилганди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Бошқаси эса юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”, дедилар”.( Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда илм даврасига қўшилган кишини Аллоҳдан бошпана сўради, дейилди. Аслида, зулм, хавф-хатар ва тазйиқларда бошпана сўралади. Демак, жаҳолат бу — зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса илм олишдир. Фақат илм билангина Аллоҳ таолодан бошпана сўралади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, деган маънода машҳур сўзлари ҳам бор.

Шундай экан, илм ҳалқасига қўшилиш ва доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди.

Биз агар илм ўқимасак, фарзандларимизни илмга қизиқтирмасак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз деган даъвони нима билан исботлаймиз!?.

Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қўйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.  Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарсайўқ. Жаҳолатданда кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу айтганэкан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик. Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор бўлиб, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик. Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик.

У.Мадаминов Боғот тумани “Назар ота”  масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *