ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯ МАРКАЗИ ЎЗБЕКИСТОНДА.

Динимизда илм иймон, Ислом, яхши ният ва ихлосга асосланган бўлади. Дарҳақиқат, Ислом халқлари ичида илмнинг ривожланиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, худди шу нарсани кўрамиз.Аллоҳ таоло бу дунёни Ислом нури ила мунаввар этишни ирода қилган пайтда дунё илмсизлик зулматида ётар эди. Илм-маърифат у ёқда турсин, оддий саводхонлик ҳам йўқолиб, битган эди. Жуда оз сонли кишиларгина баъзи бир содда жумлаларни ёзишни билар эдилар. Айниқса, Ислом таълимотларини дастлаб қабул қилиб олиши лозим бўлган жамият илм борасида жуда ҳам ночор, ўқиш-ёзишни биладиган одамлар бармоқ билан санагулик даражада эди.Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлган Исломнинг «Ўқи!» деган илоҳий хитоб ила бошланган ва шу маънони англатадиган муқаддас Китоби – Қуръоннинг дастлабки оятларини нозил қилди. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, Ислом уммати Қуръон – ўқиш уммати, илм-маърифат уммати ўлароқ шакллана бошлади. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, илм талаб қилиш ҳар бир эркаги ва аёлига фарз бўлган уммат фаолият кўрсата бошлади. Озгина муддат ичида бу уммат ер юзини илм-маърифатга кўмиб ташлади. Мусулмон умматининг яхши ният, иймон, ихлос ила қилган улкан ва оламшумул ҳаракати самараси ўлароқ, ҳозирги кундаги илм қасрининг пойдевори қурилди. Сўнгра эса биноси қад кўтара бошлади.

Мусулмонларнинг илм борасидаги улкан ва беқиёс хизматларини бошқа барча халқларнинг инсофли вакиллари тан оладилар. Улардан бири қадимда мусулмонларнинг илм йўлидаги уринишларини ўрганиб чиқиб, уларни «ёппасига мадрасага қатнайдиган халқ» деб атаган эди. Бу ном ҳар қандай уммат учун шараф бўла оладиган номдир. Бу ердаги «мадраса» сўзи ҳозирги «мактаб» маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса диний ўқув юрти, бу номни ишлатиб бўлмайди, деган даъво ила дарс олинадиган жойни «мактаб» деб атаганлар. Аслида эса мадраса «дарс оладиган жой», мактаб эса «ёзадиган жой» маъносини англатади.

Ҳа, бешикдан то қабргача ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлигини яхши англаган мусулмонлар ўз ихтиёрлари билан иймон ва ихлос билан, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан илм талаб қила бошладилар. Дастлаб масжидлар, устозларнинг уйлари дарсхоналар вазифасини ўтаб турди. Кейинроқ эса мадрасалар таълим масканлари сифатида мусулмон ўлкаларни безаб турадиган ошёнларга айланди. Ислом давлати ҳамма халқнинг таълим олишини таъминлашга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун баъзи жойларда ҳатто моддий жиҳатдан қийналиб қолганларга алоҳида мадрасалар очиш йўлга қўйилар эди.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев тамонидан Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган эди. Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоот ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда.Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса илмий-маърифий марказ бўлади. Бино ертўласида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий фойега Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади.Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.

     Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.Президентимиз Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича давлатимиз раҳбари кўрсатмалар берди.

Бугун, 2020 йил 17 октябрь куни Хоразм вилоятида диний сохада хизмат қилиб келаётган обрў-эътиборли, тажрибали имом-хатиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази қурилиш жараёни ва келгусидаги фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадбир давомида мутасадди вакиллар томонидан тингловчиларга Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган қурилиш ишлари таништирилиб, ушбу марказнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, унинг маънавий ва маърифий соҳадаги ҳамда аждодларга муносиб авлодлар етиштиришдаги ўрни айтиб ўтилди.

Ф.Матяқубов

Хонқа туман “Бобо хўжа бобо” масжиди имоми-хатиби .

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *