ГЛОБАЛ МУАММОЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири глобал молиявий ва иқтисодий инқирознинг дунё мамлакатлари тараққиётига салбий таъсирини камайтириш ва босқичма-босқич тарзда ушбу таҳлика омилини бартараф этишдан иборатдир. Бундай глобал муаммолар қаторида атмосферага зарарли моддалар чиқиндисининг жуда катта миқдорда чиқариб юборилиши натижасида озон қатламига аста-секин путур ета бошлагани, Ерда эса, глобал энергия танқислиги вужудга келаётганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Натижада, дунё иқлимининг ўзгариши, энергея қуввати манбаларининг камайиши ўз навбатида бутунжаҳон озиқ-овқат танқислиги муаммоси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Жумладан, глобал энергия танқислиги муаммоси бугунги дунёнинг сиёсий манзарасида яққол кўзга ташланаётган масалалардан бирига айланди. Сўнгги чорак аср давомида халқаро иқтисодиётининг тўхтовсиз катта тезликда экстенсив ривожланиши энергия танқислиги муаммосинининг чуқурлашиб кетишига олиб келди. Нефть, газ, кўмир, уран каби табиий заҳираларга бой бўлган минтақалар ва мамлакатлар атрофида янгидан-янги сиёсий, қуролли можаролар пайдо бўла бошлади, эскилари эса янгича тус олди.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида мисли кўрилмаган даражада иссиқ ёз, ёки ўта совуқ қиш муаммоларини ҳал этиш нафақат қишлоқ хўжалигида, балки озиқ-овқат саноатида ва энергетика соҳасида янгидан-янги муаммоларни келтириб чиқара бошлади.

Афсуски, бугунги дунё миқёсидаги тангликлар юқорида санаб ўтилган ўта долзарб ва мураккаб глобал муаммолар билангина чекланиб қолмайди. Дунё сиёсий манзарасида авж олиб бораётган муаммолар ичида динлараро, миллатлараро, маданий-тамаддунлараро низолар ва тўқнашувларни, информацион-кибер терроризм, ноқонуний қурол ва наркотик моддалар савдоси, одам савдоси каби турли хилдаги таҳдид ва хавфларни санаб ўтиш мумкин. Жумладан, диний ақидапарастлик халқаро терроризмнинг кенгайишига, Ғарб давлатларида исламофобия жараёнининг кескин тус олиб оммавий сиёсий даражада авж олишига олиб келмоқда.

Маънавий ахлоқий бузуқликлар, жумладан, бесоқолбозлар, бир жинсга мансуб бўлган жуфтликларнинг халқаро ҳаракатлари тузилмоқда, сиёсийлашган оммавий маданият ташкил этилмоқда. Ушбу муаммолар айниқса, интернет ва бошқа юқори технология асосида ишловчи алоқа воситалари (экранли уяли алоқа воситалари, рақамли радио ва телевидение) орқали бутун дунё бўйлаб тезкор тарқалиши ва улар учун махсус информацион ва ғоявий маконлар яратилмоқда. Мазкур муаммолар уюшган халқаро жиноятчилик, наркотик моддалар ва қурол-яроқ контрабандаси, одам савдоси, диний экстремизм билан чамбарчас ҳолда боғлиқ албатта.

Хулоса қилиб айтганда, бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Шундай экан лоқайдлик, эътиборсизлик бизга ярашмайди.

М.Хабибуллаев Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.