Бағрикенглик— бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда хур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир. Бағрикенглик ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик энг аввало инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.
Бағрикенглик инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (шу жумладан, маданий плюрализм), демократия, ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир. Бағрикенгликни намоён қилиш инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан ҳамоҳанг. У ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлишни, ўз иймон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни англатмайди. У шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. У яна шуни англатадики, одамлар ўз табиатига кўра ташқи кўриниши, қиёфаси, ўзини тутиши, нутқи, хулқи ва қадриятлари жиҳатидан фарқланиши эътирофга лойиқлиги баробарида, улар дунёда яшашга ва ўзларининг ана шу индивидуаллигини сақлаб қолишга ҳақлидирлар. У яна шуни англатадики, бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Хилма-хил эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган. Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар”. Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз- халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир.Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. Шунингдек,уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларимизда етти тилда-ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман. қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг ўнта тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин ифодасидир.
А. Рахимов Ҳазорасп тумани “Сулаймон Бокирғоний” масжиди имом-хатиби.