ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ БОШ ҚОМУСИМИЗ

Мустақил давлатимизнинг Бош қомуси 1992 йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ХII чақириқ Олий Кенгашининг ХI сессиясида қабул қилинган. Унинг қабул қилиниши – Ўзбекистон тарихидаги оламшумул, буюк воқеадир. Давлатимиз томонидан эзгулик ва олийжаноб фазилатларга ундовчи динимизнинг     равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақилликдан кейин эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир. Конституциямизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. (18-модда) – деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.

Фуқароларнинг тенглиги – демократиянинг муҳим элементи ҳамда жаҳон конституциявий тараққиётининг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси 33 миллиондан ошди. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Кўп миллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди.

Бугун диний бағрикенгликни, умуман, мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни янада мустаҳкамлашда турли конфессияларнинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрганиш катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш, келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади.

Ўзбекистонда Ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан жой олишига шароит яратиб берилган. Қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”(Бақара, 256).

Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. 

А.Хайтбоев

Янгибозор тумани “Саид Кўчак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *