ВАТАННИ  СЕВИШ ИЙМОНДАНДИР!

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳар-қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. 

Ҳазрати  Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар.  Юртни уни севганлар обод қилади, уни Ватан деб билганлар ҳимоя қилади.

Ватан ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон, аввало, бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини у Зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга, Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини билиши лозим. 

Тарихдан маълумки, ҳар давр ва ҳар замонда ҳалқнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ с.а.в. даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда  тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Райҳона р.а. ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга ғазотда эдик. Тунлардан бирида баланд жойга келдик. Ўша кечада ҳаво қаттиқ совиб, бизга қаттиқ совуқ етди. Ҳаттоки, баъзи шерикларимиз ерни ўзи сиғадиган даражада ковлаб, унга кириб тешикни оғзига қалқонларини беркитиб олишди. Пайғамбаримиз бу ҳолатни кўриб: “Ушбу кеча бизларни душманлардан ким қўриқлайди? Мен бизни қўриқлайдиган кишини фазилатли дуо билан дуо қиламан”, дедилар. Ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, мен”, деди. У зот алайҳиссалом: “Яқинроқ кел”, дедилар. У киши яқинлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У ўзини “Ансорийлардан”, деб таништирди. Расулуллоҳ с.а.в. дуони бошладилар ва уни кўп дуо қилдилар.

Ҳадиси шарифларда бунга ўхшаш мисоллар кўплаб келтирилган. Уларнинг ҳаммаси бизни ана шу Ватан ҳиссини сезишга ундайди. 

Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир.

 Инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозим. Ватанни севиш ва айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу инсондан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, ватан ўз фарзандларидан ҳар-бир лаҳза жон фидо қилишини талаб қилмайди. Бу йўлда содир бўладиган фидоийлик энг юксак жасорат бўлиб, у кутилмаган ҳолларда рўй беради. Лекин ватан севгиси инсондан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади. Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркор”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон, бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун ҳизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади” дейилганидек, ватан ҳар-бир кишининг ўз қалбидан, виждонидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Шу сабабли ватанни севмоқ, қадрламоқ ва равнақи ҳамда шону – шарафи учун хизмат этмоғи керак.

Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан бўлиб, ундан юз ўгириш ёки бирор бахонани рўкач килиб, уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳдир. Ана шундай масъулиятли бурчни чин кўнгилдан адо этаётган ўғлонларимиз ҳаққига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
Бугунги мустақил юртимизни тинчлиги ва осойишталигини сабабчилари — Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган, кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан хизмат қилаётган ҳарбийларимиздир.

Ватан  учун ана шундай ҳақиқий мард ва жасур ўғлонларни тарбиялашимизда яратганни ўзи мададкор бўлсин!

Аллоҳ таоло тинч ва осойишта ҳаётимизни сабабчиси ва ҳимоячилари бўлмиш харбий аскар ва зобитларимизни, тинчлигимиз посбонларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва ёвуз кучлардан  Ўзи асрасин!

Ҳ.Кенжаев 

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *