ИСРОФ БУ КУФРОНИ НЕЪМАТ

Ислом дини аввало, бу дунёда бу ёруғ олам инсон манфаатлари учун яратилганини ўргатади. Қолаверса, бу неъматларни ким ато этганини ва уларнинг шукрини қандай адо этиш кераклигини таълим беради.

(Аъроф сураси 31-оят) “Еб ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки у зот исроф қилувчиларни севмас.” Албатта меҳрибон Зот бу дунё ва ундаги барча неъматларни инсон учун, унинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун муҳайё қилиб қўйган, биз улардан исроф қилмасдан тановул қилмоғимиз керак. Шукронанинг аввали бу неъматларни беғараз ато этган Зотга ҳамду санолар айтишдир, лекин афсуски инсон неъматнинг қадрига у қўлдан бой берилганда, завол топгандагина етади, буларнинг барчаси ўз манфаатини бошқалар манфаатидан устун кўриш, фақат ўз манфаатини кўзлаш, бировнинг манфаатининг ҳақ хуқуқини қадрига етмаганнинг оқибатидан бўлади. Аслида ҳақиқий мўмин ўзига раво кўрганини бошқаларга ҳам раво кўриши билан чин мўмин бўлади. Шунинг учун Роббимиз ато этган ҳар бир неъматга шукр қилишмиз, ношукр бўлиб қолишдан паноҳ сўрамоғимиз керак. Абу Жаъфар (РА) Пайғамбаримиз (САВ) сув ичгандан сўнг ҳамд айтиб, “Ўзининг раҳмати ила бу сувни чучук, ширин қилиб қўйган, гуноҳларимиз туфайли шўр, аччиқ қилиб қўймаган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин” деб дуо қилар эдилар.

Азизлар, гуноҳларимиз туфайли чучук сувлар аччиқ, шўр бўлиши ҳам мумкин экан. Ҳурматли азизлар, қайси бир ерда гуноҳ, маъсият кўпайса у ерда барака кўтарилади, барака деганда фақат пулни, моддий неъматнинг йўқолишини тушунмаслигимиз керак. Барака кетса, умуман мусулмончилик кўратрилади, одамгарчилик йўқолиб унинг ўрнини ёмон иллатлар эгаллайди.

Азизлар, ҳайвон оч қолганида, эгасига ташланади, одам эса қорни тўйганида. Шунинг учун ҳам ношукр бўлиб қолмайлик, ҳар бир инсон берган неъматларга шукроналик ила умр ўтказса у неъмат янада зиёда бўлиб бораверади. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигидир, тирик эканмизки албатта Аллоҳ таоло бизга тавба қилиш учун имконият бераяпти, энди шу имкониятдан фойдаланиб, астойдил тавба қилайлик.

Ш.Жуманиязов

Хива тумани “Мулла Абдуқодир бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *